General Motors, Ford, Chrysler ва BMW собиқ топ-менежери Роберт Лутцнинг фикрича, Tesla компаниясида ҳеч қандай «сирли соус» йўқ. 

Лутц бу ҳақда CNBC каналига берган интервьюсида айтиб ўтди. Интервью Tesla'нинг Semi электр юк машинаси ва янгиланган Roadster спорткари тақдимотидан сўнг рўй берган. «Мен бу ҳақда сўнгги уч йил давомида гапирмоқдаман: Tesla исталган бошқа компания осонлик билан кўчириши мумкин бўлмаган ҳеч нарса қилаётгани йўқ».

Шунингдек, Лутц Tesla бизнес-моделини «етарли даражада кучли эмас» деб атади ҳамда яқин орада компанияга ўз фаолиятини олиб бориш учун қўшимча капитал талаб этилиши мумкинлигини истисно қилмади.

«Tesla бизнеси ҳозирги ҳолатда 2019 йилгача ҳам фаолият кўрсата олмайди. Ҳеч қандай «сирли соус» - компания худди ҳамма каби литий-ионли аккумуляторларни қўлламоқда», - деган General Motors’нинг собиқ топ-менежери Роберт Лутц.

Роберт Лутц General Motors’нинг Европадаги бўлинмасида саккиз йил ишлаган, сўнг BMW’нинг Европадаги вице-президенти лавозимига ўтган. Шунингдек, у Ford ва Chrysler’да ҳам топ-менежер бўлиб ишлаган. 2001 йилда Лутц General Motors’нинг глобал бўлинмасига қайтди ҳамда бу ерда 2010 йилга қадар ишлади.