Дортмунднинг «Боруссия» Бундеслиганинг 12-турида «Штутгарт»га ютқазди - 1:2.

Бу мағлубият дортмундликлар учун Германия чемпионатидаги қаторасига учинчи мағлубият бўлди.

«Боруссия» бундеслигада 30 сентябрдан буён 5 ўйин ўтказди ва бирон учрашувда ғалаба қозона олмади. Бу ўйинларда 14 гол ўтказди. Бундай ёмон натижа жамоа тарихида 1991 йилдан буён кузатилмаганди.

Чемпионатда дортмундликлар «Бавария»дан 6 очко ортда қолган ҳолда учинчи ўринда бормоқда. Мюнхенликлар 12-тур учрашувини ҳали ўтказмади.

«Боруссия»нинг Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқиш имкониятлари ҳам жуда паст. Клуб 4 турдан кейин иккинчи ўриндаги «Реал»дан 5 очко ортда қолиб кетган. Биринчи ўриндаги «Тоттенҳэм» эса гуруҳ масаласини ҳал қилган.

Эслатиб ўтамиз, ёзда Томас Тухель ишдан кетган, унинг ўрнини «Аякс» устози Петер Бос эгаллаганди.

Барча турнирлар доирасидаги охирги 11 учрашувида «Боруссия» фақат 3 ғалабага эришган.