Буюк Британияда дунёдаги энг катта парвоз қурилмаси Airlander 10 ерга қулаб тушди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда. 

Ўзидан самолёт ва дирижабл гибридини акс эттирувчи учиш қурилмаси Бедфордшир графлигида фалокатга учради. Гувоҳларнинг айтишича, қурилма ҳавога кўтарилаётганда дарахт шохларига илиниб, қобиғига шикаст етган. Бу эса унинг ичидаги гелийнинг чиқиб кетишига олиб келган. Airlander 10’нинг 20 тонналик кабинаси ерга қулагач, буткул барбод бўлган.

17 ноябрда Airlander 10 устида иш олиб бораётган Hybrid Air Vehicles қурилмани муваффақиятли синовдан ўтказганди. Қурилмани яратиш учун 100 млн фунт стерлинг сарфланган. 

Airlander 10 аввалбошдан АҚШ қуролли кучлари учун яратилган, бироқ у устидаги ишлар етарлича молиялаштириш йўқлиги сабабли тўхтатилганди.

Узунлиги 92 метр келадиган учиш қурилмаси 5 км гача баландликка кўтарила олган ва соатига 148 км тезлик билан ҳаракатлана олган. Гелий эвазига қурилма ҳавода 2 ҳафтагача қолиши мумкин эди.  

Аввал ҳам қурилма шунга ўхшаш вазиятга учраганди: 2016 йил августда синов парвози вақтида қурилма телеграф линияси устунига тегиб кетиши оқибатида учувчи кабинасига шикаст етганди.