“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 17 ноябрдан Душанбе-Тошкент ва Душанбе-Тошкент-Душанбе рейслари учун чипталар нархини яна туширди.

Миллий авиакомпаниянинг Тожикистондаги вакили Ориф Рўзимуродовнинг таъкидлашича, Душанбедан Тошкентга чипта нархи барча йиғимлар ҳисобга олинган ҳолда 676,5 сомонийни (65 евро), Душанбе-Тошкент-Душанбе рейси учун эса 1353 сомонийни (130 евро) ташкил қилмоқда. 

Икки пойтахт ўртасида парвозлар йўлга қўйилганидан кейин чипталарнинг нархи учинчи марта туширилмоқда.

Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича илк мунтазам рейс жорий йилнинг 11 апрелида амалга оширилган. Ўшанда Тошкентгача чипта нархи 1230 сомонийни (140 доллар) ташкил қилган. 

Октябрь ўрталарида чипта нархи яна бир марта туширилган ва бир томонга ҳамда бир томонга ва ортга мос равишда 910 ва 1585 сомонийни ташкил қилган.

Ушбу қарор кўпроқ йўловчиларни жалб қилиш мақсадида қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Душанбега ҳафтанинг сешанба кунлари рейс амалга оширади. Рейслар А320 самолётларида бажарилади.

Тошкент аэропортидан бошқа давлатларга учмоқчи бўлган тожикистонлик йўловчилар аэропорт транзит ҳудудида визасиз 48 соат қолишлари мумкин.