Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Норвегиядаги НАТО машғулотларида унинг ва Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк суратларининг “нишонлар” сифатида белгиланиши учун Норвегия мудофаа вазири Франке Бакке-Енсеннинг узрини етарлича эмас, деб ҳисобламоқда. 

“Кеча сиз НАТО машғулотларида бизга нисбатан ҳурматсизликни кўрдингиз. Шундай хатолар борки, уларни аҳмоқлар эмас, ярамас одамлар қилади”, деб айтди Эрдўған. У бундай мавзуни “оддийгина узр сўраш билан ёпиб бўлмаслигини” қўшимча қилган. 

17 ноябрда Эрдўған НАТОнинг Норвегиядаги “Уч тишли найза-2017” (Trident Javelin 2017) деб номланган машғулотларида унинг ва Отатуркнинг расмлари шартли рақибни белгилаш учун қўлланганини маълум қилган. Шу туфайли машғулотлардан 40 нафар турк ҳарбийси ортга чақиртириб олинган. Sabah турк нашрининг маълум қилишича, шунингдек, келиб чиқиши туркиялик бўлган норвегиялик мутахассис НАТОнинг ёпиқ ахборот тармоғида Эрдўған номидан НАТО номига ҳақоратомуз хабарлар жойлаштирган.

Норвегия мудофаа вазири НАТО аъзоси ҳисобланувчи Туркиядан 17 ноябрнинг ўзидаёқ узр сўраган ва бундан афсусланиш билдирган. Шунингдек, ушбу ҳодиса учун НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам ўз узрини келтирган.