Жанубий Кореяга меҳнат муҳожирлиги учун бормоқчи бўлган ёшлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкилотининг тавсияномасига эга бўлиши шарт эмас. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги вакили ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вакили Kun.uz мухбирига хабар берди.

«Ҳозирги фаолиятимизда ишга боришни истаган талабгорларга бундай мажбурият қўйилмаган. Шунингдек, тез орада бундай ўзгариш бўлиши режалаштирилмаган», дейди агентлик ходими.

Гап шундаки, куни кеча ижтимоий тармоқ саҳифаларида шундай мазмундаги миш-миш тарқаган эди. Унда айтилишича, «​эндиликда Кореяда ишлашни хоҳлаган ёшлар Ёшлар иттифоқи томонидан тавсияномага эга бўлиши зарур»​.

«Хабарингиз бор, фойдаланишдан чиқарилган касб-ҳунар коллеж ҳамда академик лицейлар Ёшлар иттифоқи тасарруфига ўтказилмоқда. Ана шу бинолардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун ёшларга турли тўгаракларда таҳсил олиш имкониятини яратганмиз. Шулар қаторида хорижда ишлаш истагида бўлган ёшларни касбга, тилга ўргатиш курслари ҳам ташкил қилинмоқда. Табиийки, курс якунида махсус диплом ва чет элда ишлаш учун тавсиянома тақдим этилади. Бу Жанубий Кореяга ишлашга кетмоқчи бўлганлар учун кўмак вазифасини ўтайди, мажбурият эмас», дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакили.

Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрдан бошлаб, Меҳнат фаолиятини юритиш учун Жанубий Кореяга кетиш тартиби тубдан ўзгарганди.