Ислом аксилтеррорчилик коалициясига кирувчи давлатлар мудофаа вазирларининг илк йиғилиши 26 ноябрда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Саудия Арабистони матбуот агентлиги маълум қилди.        

Маълум қилинишича, йиғилишда ислом коалициясига кирувчи 41 та давлат мудофаа вазирлари ҳамда Саудия Арабистонида аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар вакиллари иштирок этишлари кутилмоқда. Йиғилиш кун тартибига қўйилган асосий масалалар иттифоқ ичида ҳамкорлик ва интеграцияни кучайтириш, ислом давлатларининг саъй-ҳаракатларини террорчиликка қарши курашда бирлаштиришдан иборат. Шунингдек, бу саъй-ҳаракатларнинг бошқа халқаро иттифоқлар билан мувофиқлаштириш ва бирлаштириш зарурлиги айтиб ўтилган. 

Саудия Арабистони бошчилигидаги ислом аксилтеррорчилик коалицияси ташкил этилиши 2015 йил декабрида эълон қилинган. Бу коалиция таркибига Форс кўрфази давлатларидан ташқари, Туркия, Покистон, Малайзия ва Миср каби йирик давлатлар киради. Жорий йил май ойида ўтган АҚШ ва мусулмон давлатлари саммитида коалицияга кирувчи давлатлар зарурат бўлганда Сурия ва Ироқдаги террорчилик гуруҳларига қарши кураш учун 34 минг ҳарбийни тақдим қилишга тайёрликларини билдирганлар.