2017 йил 14 ноябрь куни Сеул глобал марказининг халқаро анжуманлар залида Жанубий Кореянинг Адлия Вазирлиги ва Корея ихтироларни ривожлантириш ассоциацияси (KIPA) томонидан OASIS дастури ташкил этилди. Мазкур дастур доирасида ўтказилган “Кореядаги чет элликларнинг ихтиро ва бизнес стартаплари” танловининг финал босқичида ҳамюртимиз Хожимуҳамедов Жамшиддин ўзининг навбатдаги ихтироси билан 2-ўринни олиб, кумуш совринини қўлга киритди.

Аввалроқ, Kun.uz нашри Сеул шаҳридан бугунги қаҳрамонимиз қўлга киритган ютуқлари ҳақида хабар берган эди. 2016 йилда Хожимухамедов Жамшиддин (Кореяда ҳуқуқ соҳаси бўйича PhD номзоди) ва бошқа ҳамюртимиз Ғофуров Дилшоджонлар (Кореяда ахборот тизимларини бошқариш MIS соҳаси бўйича PhD номзоди) Жанубий Кореядаги OASIS (Overall Assistance for Startup Immigration System/ Чет эллик стартапчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш) давлат дастури орқали ўз ихтиро ва стартаплари билан иштирок этиб, охирги босқичда уларнинг ҳар бири бронза совринига сазовор бўлишган эди.

Жамшиддин ҳамда Дилшоджонлар томонидан яратилган ихтироларни Кореяда патентлаш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, бу билан боғлиқ бошланғич ҳаражатлар ҳам OASIS дастури орқали Корея Республикаси томонидан қопланди.

Жорий йилда ҳам Жамшиддин ўзининг ўтган йилги лойиҳаси ва унга топширилган патент асосида янги ихтироси билан қатнашиб, шундай имтиёзга такроран эга бўлди.

OASIS дастури Кореядаги чет элликларнинг интеллектуал мулкка асосланган бизнесларини бошлашга ёрдам бериш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш дастури бўлиб, унинг доирасида стартап ва тадбиркорлик бўйича курслар, интеллектуал мулк ҳуқуқини қўлга киритиш, консалтинг, компания ташкил қилиш ва уни тижорийлаштириш ҳамда замонавий технологиялар асосида қилинадиган ихтиро ва бизнеслар учун бериладиган стартап виза каби қатор имкониятлар тақдим қилинади.

2017 йилги танловнинг охирги босқичигача етиб келган АҚШ, Хитой, Франция, Индонезия, Ҳиндистон, Мексика, Ганалик ва яна бошқа чет элликларнинг жами 20 та ихтироси кенг омма учун очиқ кўргазмага қўйилиб, турли соҳа вакиллари ва мутахассисларидан ташкил топган махсус комиссия томонидан кўриб чиқилди ва баҳоланди. Ушбу ихтироларнинг ичида 3 таси энг юқори натижани қўлга киритиб, олтин (Ҳиндистон), кумуш (Ўзбекистон) ва бронза (Хитой) совринлари билан мукофотланди. Мазкур лойиҳаларнинг барчаси 2017 йилнинг декабр ойи бошида Сеул шаҳрида бўлиб ўтиши режаланган халқаро стартаплар фестивалида ҳам қатнашиб, кўргазмага қўйилади.

Биз Kun.uz жамоаси номида ҳамюртимиз Жамшиддинни навбатдаги муваффақияти билан табриклаймиз. Қаҳрамонимиз янги ихтиросини амалиётга тадбиқ этишида омад ёр бўлсин.

Феруза Авазова тайёрлади