Ҳар бир нарсанинг қонуний асоси, ҳуқуқий кафолати бор – баъзан ана шуни ҳисобга олмай панд еймиз, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

“Навоий инвест Баҳо” МЧЖда баҳоловчи мутахассис бўлиб ишлаб келган Шокир Нажмиддинов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бировнинг ишончига кириб, унинг ҳалол пулини ўзиники қилиб олмоқчи бўлди.

Ш.Нажмиддинов ўтган йилнинг декабрь ойларида ким ошди савдоларига қўйилаётган “Матиз” русумли автомашина ҳақида эшитиб қолади. Унинг тахминий нархини ҳам суриштиради. Мазкур автомобилнинг баҳоси 6-7 миллион сўм атрофида белгиланган экан. Кармана туманидаги ўртоғи Рустам Оқиловга қўнғироқ қилиб, “машина керакми” деган таклифни ўртага ташлайди. Рустам эса машина харид қилиш истаги йўқлиги, бироқ бир таниши олиши мумкинлигини айтади. Шу тариқа икковлон тумандаги “Айрончи” маҳалласидаги хонадонлардан бирига кириб боришади. МЧЖ вакили уй эгалари бўлган эр-хотин Анвар ва Саида Нурматовларга ўзини таништиргач, ким оши савдосига қўйилаётган машинанинг нархи, техник ҳолати хусусида батафсил маълумот беради ва уни арзон нархда сотиб олиш имконияти борлигини бод-бод такрорлаб, мезбонларнинг ишончига киради.

Хуллас, ушбу оиланинг 2 млн. 200 минг, орадан 10-15 кун ўтиб эса яна 3 млн. 300 минг сўм пулини қўлга киритади. Пулни олгунча “Айрончи”га қатнаган Ш.Нажмиддинов иши битгач, қорасини ўчиради. Шу тариқа у тўрт ой давомида пана-пастқамда юриб, аввалига турли баҳоналар билан айрончилик эр-хотинни алдаб юради. Кейинчалик уларнинг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўяди. Шундан сўнг жабрланувчилар ушбу ҳолат ҳақида керакли жойга ариза билан мурожаат қиладилар. Шокир шу йилнинг март ойида олган пулларининг бир қисмини қайтариб бераётган вақтида СВОЖЖДЛҚК департаментининг Кармана туман бўлими ходимлари томонидан ушланди.

Суд Ш.Нажмиддиновга нисбатан тегишли жазо тайинлади.