Мексиканинг ENEL Green Power компанияси 1 кВт·соат қуёш энергияси учун 1,77 цент тариф эълон қилди. Бу эса яқиндагина Саудия Арабистонида ўрнатилган рекорд даражадаги энг паст нархда 0,02 центга арзонроқдир, деб ёзади Electrek.

Мексиканинг электр энергияси назорат миллий маркази — Cenace’нинг хабарига кўра вазият шундай сақланиб турилса, 2019 йилга бориб 1 кВт·соат электр энергия баҳоси 1 цент бўлади.

ENEL йирик рақобатчи корхоналар билан тендер учун курашга киришиб, 167 МВт, 122 МВт, 277 МВт ва 116 МВт қувватга эга 4 та лойиҳа учун 1.77, 1.77, 1.94 ва 1.80 цент тарифларни таклиф этган — умумий ҳисобда у барпо этмоқчи бўлаётган қуёш қурилмаларнинг қуввати 682 МВт.ни ташкил этади. Лойиҳа яқин икки йил ичида амалга оширилиши керак, 2020 йилда бу корхоналар истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришни бошлаши керак.

Жаҳонда қуёш энергетикасига нархнинг тушиши ўтган йилнинг ёзида Саудия Арабистони киловатт·соатига 2,42 цент нарх белгилаганидан сўнг бошлаб берилган эди. Тариф 1,79 центгача туширилгач, бундай бўлишига сабаб иқлимий шароитлар, нефт долларлари ва давлат томонидан тамомила назорат ўрнатилгани учун юз берди, деб ҳисоблашганди. Мексика эса ҳеч қачон молиявий барқарор давлатлар рейтингига кирмаган, айнан ушбу давлатда электр энергиясига энг паст баҳо белгиланишини ҳеч ким тахмин қилмаган эди.

Нархларнинг тушишида кейинги босқич қуёш панеллари самарадорлигининг ошиб бориши билан боғлиқ бўлади. Яқинда JinkoSolar лаборатория шароитларида яримкристалл батареяларнинг самарадорлигини 23,45 фоизга кўтариб, рекорд ўрнатган эди. Стандарт 16 фоизли самарадорлик олдида бу 42 фоизга ўсиш дегани. Демак, ўрнатиш, хизмат кўрсатиш ва жой майдони учун харажатлар ҳам 42 фоизга камаяди. Бу эса тўғридан тўғри тариф нархларида ўз аксини топади.

Боз устига, инвесторлар тикланувчи энергия соҳаси билан тобора кўпроқ қизиқишмоқда, бу эса технологияларнинг янада ривожланишига хизмат қилади. Узоқ муддатли истиқболда харажатларни дронлар ёрдамида камайтириш, инверторларнинг янада арзонроқ ва ақллироқ бўлиши, қуёш фермаларининг модернизацияси ва улардан оқилона фойдаланиш максимал самарадорликка эришишга олиб келади.