16 ноябрдан бошлаб, ЖЧ-2018 учрашувлари учун чипта савдосининг илк босқичи якуний паллага киради. Эслатиб ўтамиз, ўйинлар Россиянинг қўйидаги 11 шаҳрида, 12 стадионда бўлиб ўтади: Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Калининград, Қозон, Нижний Новгород, Самара, Саранск, Сочи, Ростов-на-Дон ва Екатеринбург.

Фото: © РИА Новости

Аввало шуни  айтиш лозимки, 2018 йилнинг апрель ойларигача билетларни фақат интернетда, ФИФА сайти орқали сотиб олиш мумкин.  

16 ноябрдан нима бошланди?

12 октябргача бўлиб ўтган савдода фақат қуръа асосида чипталар тақсимланди. Қуръа тасодифий танлов асосида «бахтли» харидорларни белгилади, табиийки, талабгорларнинг катта қисми ўша босқичда чипта қўлга кирита олишмади. Чипталар учун 3.5 миллион ариза топширилган бўлса, ФИФА томонидан фақат 622 минг киши танланди холос.

16 ноябрь куни соат 12.00дан бошлаб, мухлислар жонли навбат орқали чипталарни сотиб олиш имкониятига эга бўлди. Талабгорларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши кутилмоқда, шунинг учун имкони борича тезроқ ҳаракат қилиш талаб этилади. Бу босқич то 28 ноябргача давом этиши кўзда тутилган.

Чипталар нархи қанча ва энг арзон чиптани сотиб олиш мумкинми?

Ҳаммаси бўлиб 4 тоифадаги чипталар мавжуд. Ҳар доимгидек, майдонга узоқ-яқин, қулай-ноқулайлигига қараб тоифаларга ажратилган. Харидорга чипта сотиб олмасдан олдин стадионлар схемаси тақдим этилади. Шунингдек, олдиндан ФИФА расмий сайтига кириб, мана бу ерда схемалар билан танишиб чиқиш имкони бор.

Ҳозирги босқичда биринчи, иккинчи ва учинчи тоифадаги чипталарни сотиб олиш мумкин холос. Тўртинчи, энг арзон чипталар фақат Россия фуқаролари ёки Россияда доимий истиқомат қиладиган шахслар учун мўлжалланган. Айтиш мумкинки, бу тоифадаги чипталар юқорида тилга олинган, октябрь ойида тугаган босқичда тўлиқ сотилиб бўлинган.

Муайян стадион учун чипталар тўпламини сотиб олиш ҳам мумкин. Турнир давомида бир шаҳарда яшаб, фақат ўша ердаги ўйинларни томоша қилишни истаган мухлислар учун бу вариант қўл келади.

Шунингдек, маълум терма жамоа мухлислари учун ҳам қулайлик бор: фақат ўша терма жамоаси ўйинлари учун учтадан еттитагача (мусобақа давомидаги бир жамоа ўйнаши мумкин бўлган максимал ўйинлар сони) чипталар тўпламини харид қилиш имконияти бор. Агар сиз айтайлик, Аргентина терма жамоаси ўйинлари учун 7 чипта сотиб олсангиз-у, жамоа чорак финалда курашни тўхтатса, билетларга куйиб қолмайсиз. Сиз ўша чорак финал ўйинида ғалаба қозонган терма жамоа ўйинларига киришингиз мумкин бўлади.  

Олдиндан нима қилиш керак?

1. ФИФАнинг расмий сайтида ўз аккаунтингизни очасиз. Буни электрон почтангиз ёки фейсбукдаги профилингиз орқали амалга оширса бўлади.

2. Ҳар бир чипта муайян шахс учун берилади, шунинг учун паспорт маълумотлари ва почта индекслари тўғри кўрсатилиши керак. Агар дўстларингиз учун чипта оладиган бўлсангиз, уларнинг ҳам худди шу маълумотларни киритишингизга тўғри келади.

3. Ариза ўша ондаёқ кўриб чиқилади, шунинг учун керакли сумма сизда тайёр туриши керак.

4. Олдиндан керакли суммани карта ёки банкдаги ҳисобингизга тўлдириб қўйиш керак.

Жуда кўп чипталар сотиб олиш мумкинми?

Буюртмачи бир ўйин учун максимум 4 чипта (битта ўзига, уч дўстига) сотиб олиши, шунингдек, кўпи билан 7 ўйинга чипта олиши мумкин. Демак, бир шахс энг кўп 28 чипта сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Бир кунда фақат бир ўйинга кириш имконияти бор. Шунинг учун бир кун учун бир неча аризалар бериш тақиқланади.

Буюртмачи ва унинг дўстлари (сайтда «меҳмон» атамаси қўлланилади) ҳақидаги маълумотларни кейинчалик ҳам ФИФА сайтидаги шахсий кабинетдан туриб ўзгартириш имкони бор. Демак, буюртмачи ўз «меҳмонлари» учун аталган чипталарни бошқа шахсга ўтказа олади. Айтайлик, сиз буюртмачисиз ва сиз аввалдан чипта сотиб олган дўстларингиздан бири ўйинга киришни рад этди. Ўша чиптани сиз бошқа дўстингизга ёки қариндошингизга ўтказа оласиз. Бунинг учун шахсий кабинет орқали «меҳмон»нинг маълумотларига ўзгартириш киритишингиз кифоя. Фақат буюртмачи ўзи учун аталган чиптани бошқанинг номига ўтказа олмайди.

Аниқ бир ўйин учун чипта сотиб олиш мумкинми?

Қайси жамоа ким билан ўйнаши ҳали маълум эмас. Қуръа шу йилнинг 1 декабрь санасида ўтказилади. Ҳозирча мухлислар фақат муайян саналар ва тақвимдан ёки шаҳарлардан келиб чиқиб ўз режаларини қурмоқдалар. Айтайлик, 14 июль куни Санкт Петербургда учинчи ўрин учун ўйин бўлиб ўтади. Финал эса, эртаси куни Москавадаги «Лужники» стадионида бўлиши аниқ. Ҳали жамоалар аниқ бўлмаган ҳолатда, ўйинларнинг тақвими билан ФИФА сайтидаги мана бу ерда танишиш мумкин. Ёки мисол учун, майдон эгалари Россия терма жамоасининг гуруҳ ўйинлари ҳам ҳозирдан маълум: 14 июнда «Лужники»да очилиш ўйини, 19 июнда Петербургда, 25 июнда эса Самарада турнир мезбонлари ўз ўйинларини ўтказади.

Тўловлар қандай амалга оширилади?

Россия фуқароси фақат VISA ва «Мир» карталари, шунингдек, банкдан пул ўтказиш йўли билан чипта сотиб оладилар. Бошқалар учун MasterCard карталари ҳам ишлайди. Ариза пайтида картада пул тайёр туриши керак, чунки ариза қайд этилиши билан пул ечиб олинади. Банкдаги ҳисобрақам орқали сотиб олишни истаганлар учун эса, тўловни амалга ошириш учун 7 кун вақт берилади.

ФИФА қоидаларига кўра, буюртмачи шахсий карта орқали ариза бера олади холос. Агар бошқа инсоннинг номига очилган карта орқали чипта буюртма қиладиган бўлса, 20 фоиз жарима тўлашга тўғри келади.

FAN ID нима дегани?

Бу билет сотиб олган мухлиснинг ўзига хос паспортидир. Чипта сотиб олинаётганда бу нарса талаб қилинмайди. Бу хужжат стадионга киришда чипта билан бирга сўралади. Шунингдек, бу ҳужжат ёрдамида ўйин кунлари жамоавий транспортлардан бепул фойдаланиш мумкин.

Чипта расмийлаштиришгандан сўнг буюртмачи мана бу махсус сайт га кириб, руйхатдан ўтиши керак бўлади. FAN ID ни почта орқали ёки махсус бўлинмага бориб олиш мумкин. Бўлинмалар стадионлар жойлашган ҳар бир шаҳарда бор.  

Болалар учун?

Билиш лозимки, ёш болалар учун алоҳида чипталар мавжуд эмас. Мисол учун уч яшар бола билан 30 ёшга кирган одам учун бир хил нархларда чипта олинади. Ёш болалар учун ҳам, худди катта одамлар каби, алоҳида жой ажратилади.  Боланинг туғилганлик гувоҳномаси паспорт ўрнида ўтаверади.

Шаҳарлараро транспортлар бепулми?

Худди Конфедерациялар кубоги вақтида бўлганидек, жаҳон чемпионатида ҳам мухлисларга бепул хизмат кўрсатилади. Бунинг учун қўшимча поездлар ҳам ишга туширилади. Фақат йўловчи ўша борилаётган шаҳарда бўлиб ўтадиган ўйин учун чипта ва FAN ID ни кўрсаши керак бўлади. Бунинг учун ҳам алоҳида мана бу сайтга кириб, маршрутни белгилаб олиш керак.

Кейинроқ ҳам чипта сотиб олиш мумкинми?

Албатта, қуръа ташланиб, якуний тақвимлар чиққанидан кейин ҳам, кейинги босқичларда чипта сотиб олиш имконияти мавжуд. Чипталар қиймати ўзгармайди, фақат, табиийки, озроқ бўлади.

5 декабрдан 31 январгача: Чипта учун ариза бериш мумкин, шундан сўнг қуръа асосида чипта эгалари танлаб олинади.

13 мартдан 3 апрелгача: Худди хозиргидек, жонли навбат тизими бўлади. Яъни аввалги босқичларда сотилмай қолган чипталарни ариза орқали, юқорида тушунтирилган усулда сотиб олиш мумкин.

18 апрелдан 15 июнгача: Ана энди, биринчи марта фақат интернетда эмас, бевосита кассага бориб ҳам чипта сотиб олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, сўнгги босқичларнинг бирида чипталарнинг «қайта сотуви» ҳам йўлга қўйилади. Аввалги босқичларда чипта олган, аммо турли сабабларга кўра, улардан ёки баъзиларидан фойдалана олмайдиган буюртмачилар ФИФА сайти орқали ўз чипталарини бошқаларга сота олишади.