Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатларининг жойларда жамоатчилик асосида тайинланган вакиллари бўлади. Бу ҳақда депутат Расул Қушербоев Kun.uz мухбирига хабар қилган.

«Ва ниҳоят парламентда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ўзи сайланган округдаги туман ва шаҳарлардаги вакили фаолиятини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мазкур масалага доир қонун лойиҳаси куни кеча Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди», дейди ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси.

Қонун лойиҳасига кўра, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига тегишли қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Бунда алоҳида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати вакили» деган модда киритилиб, унда сиёсий партия томонидан Қонунчилик палатаси депутати билан келишилган ҳолда партия ҳудудий бўлимининг тегишли сайлов округидаги ходимлари орасидан жамоатчилик асосида ишловчи вакил ажратиб берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу вакил депутатнинг сайловчилар билан доимий алоқасини таъминлаш, депутат номига келиб тушган мурожаатларни қайд этиш ва бу ҳақда депутатга ахборот бериш, депутатнинг фуқароларни қабул қилиш ва учрашувлар ташкил этиш каби вазифаларни амалга оширади. Шунингдек, вакил сайлов округида депутат ваколатини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа ишларни ҳам ташкил этади.