Президентнинг  14.11.2017 йилдаги ПҚ-3387-сон “Прокуратура органлари ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузурида аудио ва видеороликлар, теле ва радиоузатишлар, ижтимоий реклама, воқеалар  жойларидан репортажларни эфирга ва Интернет тармоғига узатиш учун Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилади. Бу аҳолини содир бўлаётган воқеалар, айниқса жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган воқеалар тўғрисида хабардор қилиш учун амалга оширилади.

Марказ бошқарув ходимларига (4 нафар) эга мустақил юридик шахс ҳисобланади. Бошқарув ходимларига прокуратура ходимлари учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чора-тадбирлари татбиқ этилади:

•  директор (18-разряд);
•  бош продюсер (17-разряд);
•  бош муҳаррир (17-разряд);
•  бухгалтер (14-разряд).
 
Бундан ташқари, улар ҳар ойда алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошига нисбатан 100% миқдорда устама оладилар. Марказнинг бошқа мутахассислари (режиссёр, креатив муҳаррир, мухбир, оператор, видеомонтажчи, IT-мутахассис) шартнома асосида жалб этилади.
 
Марказ томонидан олиб келинадиган замонавий телестудияни барпо этиш учун зарур телевидение асбоб-ускуналари, учувчисиз учиш аппаратлари (Марказга ундан фойдаланишга рухсат берилади) , компьютер техникаси божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви бундан мустасно) озод этилади.
 
Ҳужжат 15.11.2017 йилдан кучга кирди.