Россиянинг Н.И.Лобачевский номидаги Нижегород давлат университети ходимлари фикр кучи билан бошқарилувчи машина – нейромобиль яратишди. Маълум қилинишича, бу электрокар жисмоний имконияти чекланган одамлар учун мўлжалланган.

Антиқа машина Москвада ўтадиган “Вузпромэкспо-2017” ихтисослашган кўргазмасида 13 декабрда тақдим этилади. 

Машинанинг серияли версияси нархи 550-990 минг рублни ташкил қилади.

Университет ходимлари одам мияси ва автомобиль борт тизимлари билан ахборот алмашишга имкон берувчи тизим устида ишлашади. Олимлар томондан яратилган махсус алгоритмлар одам миясидаги турли модалликдаги сигналларни ўқиб, уларни машинани бошқарувчи тизимга узатади. Ҳайдовчи фикран тегишли буйруқлар билан автомобилни, унинг двигатели, узатмалар қутисини бошқара олади.

Нейромобиль 20 от кучига эга асинхрон электродвигатель билан жиҳозланади. Машина бир қувватланишда боса оладиган масофа 200-600 км ни ташкил қилади. Бу эса шаҳар ичидаги кундалик сафарлар ва қўшни шаҳарлар орасидаги масофани босиб ўтишга етади. Янги машина L7 тоифаси бўйича сертификатланади. Бу тоифага 4 ғилдиракли, оғирлиги 400 кг дан, мотори қуввати 15 кВтдан ошмайдиган транспорт воситалари киради. Машинанинг габарит ўлчамлари қуйидагича: эни 1480 мм, узунлиги 2995 мм, бўйи 1725 мм.     

Ихтирочиларнинг айтишларича, келгусида ушбу нейромобиль платформаси негизида экологик тоза транспорт воситалари яратилади.

Машинанинг серияли вариантини 2019 йилда тақдим қилиш режалаштирилган.