Россия давлат думасининг меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўзбекистонликларни Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат қилишга тартибли равишда қабул қилиш ва жалб қилиш ҳақидаги ҳукуматлараро келишув ҳақидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ҳужжат ратификация қилингандан кейин ўзбекистонликларга аниқ иш жойлари ташкил этилади, иш берувчи эса ўзбекистонликларнинг ишга жойлашиши ва бўшатилиши бўйича жавобгарликка эга бўлади.

“Бу келишув ишчи кучини тартибли равишда қабул қилишга имкон берувчи механизмни илк бор жорий қилади”, деб айтган Россия ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Валентина Казакова. 

Қўмита раиси ўринбосари Валентина Кабанованинг фикрича, ушбу келишув муҳожирларни иш билан таъминлашни кафолатловчи илк ҳужжатдир ва келгусида бундай ҳужжатлар МДҲнинг қолган давлатлари билан ҳам тузилиши мумкин. 

Ҳужжатга кўра, иш берувчининг таклифига кўра ишга қабул қилинган муҳожир меҳнат патентига эга бўлади. Бундай ишчиларга мажбурий тиббий суғурта хизматлари тақдим қилинмайди, муҳожирлар фақатгина шошилинч ёрдам олишлари мумкин бўлади. Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берса, муҳожирларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун иш берувчи жавобгар бўлади.

Россияга ишлагани боришни истаганлар рус тили, Россия тарихи ва ҳуқуқлари асослари бўйича имтиҳонларни Ўзбекистонда топширадилар. Ўзбекистонда фуқаро судланганликка эга эмаслиги ёки охиригача етмаган судланмаганлиги бор-йўқлиги текширилади ҳамда тиббий кўрик ташкиллаштирилади. Ўзбекистонда ҳозирги кунда Россияга ишлагани кетган фуқароларнинг автоматлаштирилган электрон базаси мавжуд.

Россия томони эса ўзбекистонликларни санитар-гигиеник меъёрларга мос яшаш жойи, хавфсиз меҳнат шароитлари ва пенсия суғуртаси билан таъминлаши шарт бўлади.  

Россия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда расман иш билан таъминланган 1 млн 455 минг муҳожир яшайди. Улардан 765 минг нафари меҳнат патентига эга бўлган ўзбекистонликлардир. 2017 йил бошидан Россияда вақтинчалик яшашга 60 минг, доимий яшашга эса 29 минг ўзбекистонлик рухсат олган.