Ливан собиқ бош вазири Саад Ҳарири Саудия Арабистонидан Францияга келди. AFP нашрининг манбаси берган маълумотга кўра, у айни вақтда Парижда бўлиб турибди.

Икки ҳафта муқаддам Ҳаририй Ар-Риёдда туриб ўз истеъфоси ҳақида маълум қилганди.

Ливандаги LBCI телеканал Ҳаририй ва рафиқаси Париждаги резиденцияга йўналаётгани тасвирланган кадрларни намойиш этган.

Бундан аввалроқ Саад Ҳарирй твиттерида шундай ёзганди: «Мен Саудия Арабистонида Ливан келажаги ва унинг араб оламидаги алоқалари ҳақида муҳокамалар ўтказиш учун бўлдим. Мен бу ерда тутқунликдалигим, менга мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат берилмаётгани ҳақидаги гаплар — ёлғон».

4 ноябрь куни Ар-Риёдда бўлган Ҳаририй кутилмаганда ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди. Саудиянинг «Ал-Арабийя» каналида эфирга узатилган нутқида у «Ҳизбуллоҳ» шиалар ҳаракати ва Эронни Ливан ҳамда араб оламида низо келтириб чиқаришда айблади, шу билан бирга, унга қарши суиқасд уюштирилаётгани тўғрисида маълум қилди. 

«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Ҳаририйнинг истеъфоси сабабларини Саудия Арабистонидан излаш кераклигини айтди, Эрон ТИВ эса Ҳаририйнинг айбловларини асоссиз деб атади. Насруллоҳ шунингдек Ҳаририйни истеъфога чиқишга мажбур қилишганини ва эҳтимол, Саудияда мажбурлаб ушлаб туришганини айтганди.