Ар-Риёд Берлиндаги элчисини маслаҳатлашувлар ўтказиш учун чақиртириб олди ҳамда Германиянинг Саудия Арабистонидаги элчисига норозилик нотасини йўллади. Бу ҳақда қироллик ташқи ишлар вазирлигидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда SPA ахборот агентлиги хабар берди.

“Қироллик Германиядаги элчисини чақиртириб олишга ҳамда Германия элчисига асосланмаган баёнотлар юзасидан норозилик нотаси юборишга қарор қилди”, деб айтилган хабарда.

Хабарга кўра, бу чоралар Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэлнинг ливанлик ҳамкасби билан учрашувда Саудия Арабистони ҳақида айтган бир қатор гапларидан кейин кўрилган.

Хабарда айтилишича, бу гаплар “ҳайрат ва аччиқланиш келтириб чиқаради”.

“Қироллик бу баёнотларни нотўғри маълумотларга асосланган, шошма-шошар қилинган ва минтақадаги барқарорликка кўмак бермайдиган деб ҳисоблайди”, дейилган хабарда.  

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлигидаги манба Германия ташқи ишлар вазирининг гаплари “қироллик террорчиликка қарши курашда ўзининг ишончли ҳамкори деб ҳисоблаган дўстона Германия ҳукуматининг позициясини ифодаламаслигини” айтган.