Терма жамоалар учун ажратилган кунлар тугаб, яна Европада клублар ўртасидаги мусобақалар давом эттирилмоқда. Бугун дунёнинг энг томошабоп чемпионати дея таъриф бериладиган Англияда ҳам тур учрашувлари старт олади. Tribuna.Uz одатига мос равишда турнинг энг сара учрашувларига батафсил тўхталади.

Ушбу тур ҳам воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда. «Вест Ҳэм» янги бош мураббий Дэвид Мойес бошчилигида дастлабки учрашувини ўтказади. Златан Ибраҳимович ва Поль Погба (шунингдек, Маркос Рохо ҳам) узоқ танаффусдан сўнг яна сафга қайтади. Британиядаги энг кескин дербилардан бири - Шимолий Лондон дербисида сўнгги вақтларда яхши спорт формасида бўлган жамоалар ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олади. Шунингдек, АПЛ рекордларини янгилаб бораётган Гвардиола ва «Манчестер Сити» мутлақ рекорд учун ҳаракат қилади. Демак бошлаймиз.

Англия премьер-лигаси
12-тур

Арсенал - Тоттенҳэм
Бошланиш вақти:
 17:30 (Тошкент вақти билан)
Трансляция: Futbol TV, Матч! Футбол 1

Ўйинолди қизиқарли фактлар
«Арсенал» «Тоттенҳэм»га қарши Англия премьер-лигаси доирасидаги сўнгги олти учрашувдан буён ғалаба қозона олмаяпти ва бу жамоанинг Шимолий Лондон дербилари тарихидаги энг узоқ давом этган ғалабасиз сериясидир. Тўртта учрашувда дуранг, икки учрашувда «Тоттенҳэм»нинг қўли баланд келган.

«Арсенал» ҳозирги қадар бешта ўй учрашувларининг барчасида ғалаба қозонди ва 2009/10 йилги мавсумдан буён илк марта бундай натижага эришди. Жамоа сўнгги марта 2007/08 йилги мавсумда дастлабки 6 уй учрашувини ютганди. 10 йиллик танаффусдан сўнг лондонликлар ўз рекордини такрорлаш имкониятига эга.

Ҳарри Кейн Шимолий Лондон дербисидаги барча бешта учрашувнинг барчасида гол киритган. Унинг ҳисобида жами 6та гол бор. Фақатгина Эммануэль Адебайор (8) ва Робер Пирес (7) бу қарама-қаршиликда инглиз футболчисидан кўпроқ гол урган.

Маурисио Почеттино мураббий сифатида Шимолий Лондон дербисида умуман мағлубиятга учрамаган (2 ғалаба, 4 дуранг), «Эмирейтс»да кечган учта учрашувнинг барчаси дуранг билан тугаган.

Йўқотишлар

«Арсенал»да Санти Касорла узоқ вақтдан буён майдонга туша олмаяпти. Ҳужумчи Оливье Жирунинг иштироки эса катта сўроқ остида турибди. Шкодран Мустафи ва Дэнни Уэлбекнинг ҳолатига бугунги текширувлардан сўнг аниқлик киритилади. Чака ва Косьелни ҳам терма жамоалардаги ўйинлардан кейин бу ўйинга туширилмаслиги мумкин.

«Тоттенҳэм»да Ҳарри Кейн, Деле Алли, Ҳарри Уинкс, Уго Льорис ва Мишель Ворм яна сафга қайтди ва бу учрашувда иштирок этишга тайёр ҳолатда. Тоби Алдервейрелд ва Виктор Ваньяма эса жароҳати сабаб учрашувда майдонга туша олмайди.

Лестер Сити - Манчестер Сити
Бошланиш вақти: 20:00
Трансляция:
 UzReport, Матч! Футбол 1

Ўйинолди қизиқарли фактлар

«Лестер Сити» Англия Премьер-лигаси доирасидаги «Манчестер Сити»га қарши сўнгги уч учрашувнинг иккитасида (1 мағлубият) ғалаба қозонган. Жумладан ўтган мавсум Лестерда кечган учрашувда 4:2 мезбонлар ғалаба қозонган ва учрашувда Жейми Варди ўтган мавсумдаги ягона ҳет-трикига эришган.

«Манчестер Сити»нинг АПЛ 11-туридан сўнг 31 очко ва тўплар нисбатидаги +31 фарқи лига тарихидаги рекорд кўрсаткич саналади. «Сити» ўз тарихида 12 учрашувда 34 очко тўплашни фақат бир марта 2011/12 йилда уддалаган ва ўша мавсумда АПЛ тарихида илк марта жамоа чемпионлик унвонини қўлга киритган.

«Манчестер Сити» АПЛдаги меҳмондаги дастлабки олти учрашувда ғалаба қозонган иккинчи жамоага айланиши мумкин. Бу борада рекорд «Челси»га тегишли. Жамоа 2008/09 йилги мавсумда меҳмондаги дастлабки саккизта учрашувда ғалабани ўзиники қилган.

Серхио Агуэро АПЛ доирасида ўзи иштирок этган сўнгги бешта учрашувда гол урди. 2016 йил майида у кетма-кет олти учрашувда гол киритиб, шахсий рекордини ўрнатган. Бугун мазкур рекордни такрорлаш имконияти унда мавжуд.

Йўқотишлар

«Лестер» таркибида Бен Чилуэлл ва Висенте Иборра жароҳатидан сўнг фитнесс тестдан ўтиши керак бўлади. Роберт Ҳут ва Мэтти Жеймс эса жароҳати сабаб учрашувни ўтказиб юборади.

«Манчестер Сити» сардори Винсан Компани жароҳатидан тузалиб сафга қайтган ва дисквалификация туфайли учрашувни ўтказиб юборадиган Николас Отамендининг ўрнини эгаллаши мумкин. Аргентиналик ҳимоячидан ташқари Бенжамен Менди жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Раҳим Стерлинг ва Фабиан Дельфнинг ҳолати бугун аниқ бўлади. Аргентина терма жамоаси ўйини вақтида ҳушини йўқотган Серхио Агуэронинг ҳолати эса жуда яхши эканини Гвардиоланинг ўзи ҳам тасдиқлаган.

Ливерпуль - Саутҳемптон
Бошланиш вақти: 20:00
Трансляция:
 Матч! Футбол 1 (ёзиб олинган ҳолатда)

Ўйинолди қизиқарли фактлар

«Саутҳемптон» «Ливерпуль»га қарши барча мусобақаларда беш учрашувдан буён мағлубиятга учрамай келмоқда (3 ғалаба, 2 дуранг) ва ўз тарихида биринчи марта кетма-кет олти учрашувда мағлубиятга учрамасликни уддалаши мумкин.

«Ливерпуль» АПЛ доирасида «Энфилд»да кечган сўнгги 32 учрашувнинг фақат иккитасида мағлубиятга учраган (19 ғалаба, 11 дуранг, 2 мағлубият).

Юрген Клопп Премьер-лига доирасида ҳали «Саутҳемптон»ни енга олмаган (3 дуранг, 1 мағлубият), Бу мураббийнинг АПЛдаги бир жамоага қарши («Манчестер Юнайтед»ни ҳам тўрт учрашувдан буён юта олмаган) энг ёмон кўрсаткичи саналади.

Муҳаммад Салоҳ (еттита гол урган) «Ливерпуль» ҳужумчиси Робби Фаулернинг АПЛдаги дастлабки 12 учрашувда 8та гол киритиб ўрнатган рекордини янгилаши мумкин.

Йўқотишлар

«Ливерпуль» таркибида Садио Мане ва Адам Лаллана ҳали тайёр эмас. Натаниэль Клайн эса узоқ вақтдан буён майдонга туша олмаяпти. Жордон Ҳендерсон эса бу учрашувда майдонга қайтиши кутилмоқда.

«Саутҳемптон»да эса ягона йўқотиш мавжуд. Яримҳимоячи Марио Лемина машғулотларга қайтган бўлсада, ҳали тўлиқ тикланишга улгурмаган.

Вест Бромвич - Челси
Бошланиш вақти: 20:00
Трансляция:
 Матч! Футбол 2

Ўйинолди қизиқарли фактлар

2012-2015 йилларда «Вест Бромвич» билан меҳмондаги кетма-кет 4 учрашувдан иборат муваффақиятсиз (1 дуранг, 3 мағлубият) сериядан кейин «Челси» бу стадиондан фақат ғалаба билан қайтмоқда. Сўнгги сафарда жамоа Миши Батшуайининг голи эвазига чемпионликни расмийлаштирганди.

«Вест Бромвич» АПЛнинг амалдаги чемпионига қарши ўтказган барча уй учрашувларининг 11тасида ҳам мағлубиятга учраган ва бу борада тўплар нисбати — 8-28.

Бу Антонио Контенинг АПЛда «Челси» бошқарувидаги 50-юбилей учрашуви бўлади. Бу даврдан бошлаб бирор жамоа Конте ва унинг «Челси»си каби (115 очко) кўп очко тўплай олмаган.

Альваро Мората АПЛ доирасидаги дастлабки 10 учрашувида 10 голда (7 гол, 3та голли узатма) иштирок этган. Бу борада фақатгина Диего Коста (11) ундан яхшироқ кўрсаткичга эга.

Йўқотишлар

«Вест Бромвич» таркибида Носир Шодли, Крейг Доусон ва Жеймс Моррисон жароҳати сабаб ўйинда иштирок эта олмайди, аммо Оливер Бёрк сафга қайтишга тайёр.

Гари Кэйҳилл жароҳатидан тузалиб сафга қайтган. Конте билан жанжаллашиб қолгани айтилган Давид Луиз ҳам бу учрашувда қайдномага киритилган.

Виктор Мозес ва Миши Батшуайи жароҳати сабаб бу  учрашувда майдонга туша олмайди. Дэнни Дринкуотернинг иштироки эса сўроқ остида турибди.

Манчестер Юнайтед - Ньюкасл Юнайтед
Бошланиш вақти: 22:30
Трансляция: 
Futbol TV, Матч! Футбол 1.

Ўйинолди қизиқарли фактлар

«Манчестер Юнайтед» «Ньюкасл Юнайтед»га қарши «Олд Траффорд»да кечган сўнгги 32 учрашувнинг 22тасида ғалаба қозонган ва фақат бир марта мағлубиятга (22 ғалаба, 9 дуранг, 1 мағлубият).

«Манчестер Юнайтед» АПЛ доирасида ўз стадионида кечган сўнгги 22 учрашувдан буён мағлубиятга учрамаяпти (12 ғалаба, 10 дуранг) ва сўнгги олти учрашувда фақат ғалаба қозонган. Жамоа сўнгги марта 2010 йилнинг мартида ўз уйида кетма-кет етти учрашувда ғалаба қозонишни уддалаганди.

Рафаэль Бенитес учта турли хил клуб билан «Олд Траффорд»да ғалаба қозонган илк мураббийга айланиши мумкин. У олдинроқ «Челси» ва«Ливерпуль» Манчестердан ғалаба билан қайтган.

Ромелу Лукаку «Ньюкасл»га қарши 8 учрашувда ўйнаб 9та голда (5 гол, 4 голли узатма) иштирок этган.

Йўқотишлар

Пол Погба, Златан Ибраҳимович ва Маркос Рохо узоқ давом этган жароҳатлардан тузалди ва «Манчестер Юнайтед» машғулотларига қайтди. Бу футболчиларнинг ўйиндаги иштироки аниқ бўлмасада, қайдномадан ўрин олгани ҳам аҳамиятга молик. Аммо ҳимоячи Фил Жонс Англия терма жамоаси йиғини вақтида белидан олган жароҳати сабаб ўйинда иштирок эта олмайди.

«Ньюкасл Юнайтед» таркибида эса Кристиан Атсу, Жамаал Ласселлс, Поль Дамметт ва Микел Мерино жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Аммо дарвозабон Роб Эллиот ва ҳимоячи Чиаран Кларк сафга қайтган.

Бошқа учрашувлар
Борнмут - Ҳаддерсфилд
Бошланиш вақти:
 20:00

Бёрнли - Суонси
Бошланиш вақти:
 20:00

Кристал Пэлас - Эвертон
Бошланиш вақти:
 20:00

Уотфорд - Вест Ҳэм
Бошланиш вақти:
 19 ноябрь, 21:00

Брайтон - Сток Сити
Бошланиш вақти
: 21 ноябрга ўтар кечаси, 01:00

 

Азамат Муродов тайёрлади