2017 йил 16 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида адлия вазири Русланбек Давлетовнинг мамлакатдаги Исроил Давлати элчиси Эдуард Шапира билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Адлия вазири Эдуард Шапирани элчи лавозимига тайинлангани билан қутлаб, Ўзбекистон Исроил Давлати билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон томони қайд этганидек, Адлия вазирлиги Исроил билан туризмни ривожлантириш, унинг ҳудудида Ўзбекистон туристик маҳсулотини илгари суриш, Исроилдан сайёҳлар оқимини жалб қилиш масалаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришни таъминлаш борасида масъул ҳисобланади.

Шу боис, Р. Давлетов меҳмонга Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакат обрў-эътиборини халқаро майдонда мустаҳкамлаш борасидаги сиёсати, халқимизнинг маънавий-маданий мероси ва туристик-рекреацион салоҳияти ҳақида қисқача маълумот берди.

Ўз навбатида, элчи Эдуард Шапира Р.Давлетовга ушбу учрашувни ташкил этгани учун миннатдорчилик изҳор этди ва мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама муносабатлар янада ривожланишига умид билдирди. 
 
Учрашув давомида томонлар туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг қуйидаги жиҳатларини муҳокама этдилар: республика туристик тармоғини такомиллаштириш мақсадида Исроилдан экспертларни жалб қилиш; исроиллик сайёҳлар учун виза тартибини енгиллаштириш ва транзит турларни ташкил этиш; Исроил ОАВда Ўзбекистон туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ва реклама қилиш; “Ипак йўли” ҳудудий турларни ташкил этиш;  сайёҳларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган вақтида қулай шароитлар яратиш; Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида жойлашган тарихий яҳудий синагогалар бўйлаб турлар ташкил этиш.

Вазир таъкидлаганидек, Ўзбекистон томони идора ваколатига кирувчи барча соҳаларда мулоқот ва ҳамкорлик учун очиқдир. Учрашув якунида томонлар мулоқот ишчанлик ва самимий руҳда ўтганлигини қайд этди.