Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатини 2018-2020 йилларда янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат билан Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Заргарлар ассоциациясининг Ўзбекистон Заргарлик саноати ассоциациясини («Ўзбекзаргарсаноати») ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

«Ўзбекзаргарсаноати» ассоциацияси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси турли ҳудудларида заргарлик санъатининг асрлар давомида шаклланган анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш;

заргарлик соҳасини ривожлантиришнинг қабул қилинган чора-тадбирлар дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш, ягона илмий-техникавий, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил амалга ошириш;

тайёр заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ҳажмини ва сифатини ошириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш, унинг дизайнининг энг талабгир йўналиш ва технологияларини ўзлаштириш, заргарлик буюмларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаш ва стандартлаштиришни таъминлаш, сифатни бошқаришнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш;

сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари, ички ва ташқи бозорларда заргарлик буюмлари нархларини кузатиш, заргарлик буюмлари экспортини ошириш, заргарлик буюмлари нархини аниқлашнинг мақбул механизмини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

бой тажрибага эга эҳтимолий   инвесторлар ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш кабилар.

Қайд этилишича, «Ўзбекзаргарсаноати» ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси таркибига киради.