Тошкент шаҳрида Ўзбекистон саноат корхоналарида энергия тизимларини бошқаришнинг халқаро стандартларини жорий қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унинг ташкилотчилари - Жаҳон банки ва Иқтисодиёт вазирлиги бўлди. Тадбирда 50дан зиёд иштирокчи - вазирлик ва идоралар, йирик саноат корхоналари, давлат нефть-газ, автомобилсозлик, кимёвий, темир йўл, пахтачилик ва енгил саноат компаниялари, шунингдек илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув муассасаларининг   раҳбарлари қатнашишди. 

Бугунги кунда саноат сектори энергия истеъмоли ҳажми бўйича уй-жой секторидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Саноатнинг кўп энергия сарфловчи тармоқлари, эскирган ишлаб чиқиш жараёнлари, самарасиз ускуналар ва тизимли мониторинг ҳамда саноат объектларида энергиядан фойдаланиш назоратининг йўқлиги миллий энергия сарфининг асосий омилларидир.

Энергиядан самарали фойдаланиш воситаларни тежашга, табиий ресурслар истеъмолини камайтиришга ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўмак беради. Халқаро ISO 50001 стандарти барча соҳадаги ташкилотларга энергетик менежмент тизимини (ЭМТ) жорий қилиш орқали энергиядан янада самарали фойдаланиш имконини беради. Мамлакат корхоналарида ЭМТни жорий қилиш 2015 йилнинг май ойида Ўзбекистон Президентининг 2343-сонли қарори билан тасдиқланган эди. Ўшандан буён мамлакатнинг 24 корхонаси халқаро ISO 50001 стандартига мувофиқлик сертификатидан ўтган.

2016 йилнинг мартида Жаҳон банки ва Иқтисодиёт вазирлиги KGGTF қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистон корхоналарида халқаро илғор тажриба асосида ЭМТни жорий қилишга доир бошланғич дастурни йўлга қўйишганди. Дастур Жаҳон банкининг Ўзбекистонда энергосамарадорлик даражасини оширишга йўналтирилган ташаббусининг бир қисми ҳисобланади.

"Бугунги кунда Жаҳон банки биз томонимиздан молиялаштирилаётган маҳаллий саноат корхоналарининг энергосамарадорлигини ошириш ва Ўзбекистондаги электр энергия етказувчи тармоқлар модернизациясига йўналтирилган лойиҳалар доирасида мамлакат ҳукуматининг энергия харажатларини камайтиришга доир саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, 275 минг АҚШ доллари ажратди. Биз бошланғич дастурнинг ҳам мазкур мақсадга эришишга ўз улушини қўшаётганидан хурсандмиз", - деди Жаҳон банкининг энергетика масалалари бўйича катта мутахассиси Фэнг Лю.

ЭМТ масалаларига бағишланган семинар давомида Жаҳон банки экспертлари ва бошланғич дастурда қатнашган саноат корхоналари вакиллари иштирокчиларни бугунга қадар олинган натижалар билан таништиришди. 

2016 йилда "Бекободцемент" АЖ бошланғич дастурнинг илк иштирокчиларидан бири бўлганди. Акциядорлик жамияти вакиллари семинар иштирокчилари олдида ўз тажрибалари билан бўлишишди. 

Тадбир иштирокчилари АҚШ ва Хитой корхоналарида ЭМТни жорий қилишга доир илғор халқаро тажрибалар билан таништирилди. Шунингдек мамлакатнинг йирик саноат корхоналарида энерготизимлар бошқарувида халқаро стандартларни жорий қилишга доир миллий сиёсат ривожи истиқболлари ҳақида фикр алмашилди. 

Ҳозирда Жаҳон банки Ўзбекистонда 2 миллиард АҚШ долларига тенг 16 лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватламоқда. Ушбу лойиҳалар қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва санитария каби устувор секторларни қамраб олган.