Японияга 46 кг олтинни сотиш учун келган хитойлик талаба полициячилар кийимидаги номаълум кимсалар томондан тунаб кетилди. Талаба дўсти билан олтинларни заргарлик дўконида 1,6 млн долларга пуллаб, бир чамадон пул билан кетаётганда полиция кийимидаги 3 киши томондан тўхтатилган. Улар талабадан паспортини кўрсатишни сўрашган. Сўнгра сохта полициячилар талабадан пулларни “мусодара қилиб”, воқеа жойидан ғойиб бўлишган.

Кейинроқ аниқланишича, пуллар ҳақиқий полициячилар томондан эмас, балки номаълум кимсалар томондан олиб кетилган. Япония ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу жиноят юзасидан иш қўзғатиб, гумонланувчиларни қидиришни бошлашган. Бироқ, ҳақиқий полициячиларда жабрдийдага ҳам саволлар пайдо бўлган: мисол учун, у шунча олтинни қаердан олганлиги ҳақида.

South China Morning Post нашрининг таъкидлашича, Японияда олтин жиноий доираларда катта талабга эга ва аксарият контрабанда йўли билан олиб кирилади. Бундан ташқари, мамлакатда олтин сотишга 5 фоиздан 8 фоизгача солиқ амал қилади. Хитойда эса бундай солиқ мавжуд эмас, шу сабабли олтинни Японияда сотиш иқтисодий маънога эга: хитойликлар юртларида 0 миқдордаги солиқ билан олтинни сотиб олиб, уни бошқа давлатларда қимматроқ ўтказишга ҳаракат қиладилар. 

Олтин сотишга солиқ киритилишидан олдин Япония божхонаси йилига олтин контрабандаси билан боғлиқ 10 тадан кўп бўлмаган ҳолатга дуч келарди, у киритилгандан кейинги йилга эса бундай контрабандалар миқдори 177 тани ташкил қилган. Японияга ноқонуний йўл билан олтинни олиб ўтишга уринишлар сони тобора кўпайиб бормоқда.