Аргентина мудофаа вазирлиги Атлантика океанида ғойиб бўлган “Сан Хуан” сув ости кемасининг экипажига тегишли бўлиши мумкин бўлган фавқулодда сигналлар олинганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий сайтидаги хабарда айтилган.   

Ҳаммаси бўлиб Аргентина ҳарбий-денгиз кучларининг турли базаларига сунъий йўлдошдан 4 сониядан 36 сониягача давом этган бир нечта чақириқлар келиб тушган.

“Чақириқлар 4 сониядан 36 сониягача давом этган ва соат 10:52 дан 15:42гача оралиқда олинган. Бироқ ўзаро алоқа ўрнатилмаган”, деб айтилмоқда хабарда. Маълум қилинишича, ҳаммаси бўлиб 7 та чақириқ олинган.

Аргентина ҳарбий-денгиз кучларига тегишли San Juan сув ости кемаси 15 ноябрда алоқага чиқмай қўйган. Сув ости кемаси 16 ноябрдан қидирила бошланган. Сув ости кемаси экипажи 44 кишидан иборат бўлган. Кема Аргентинанинг жанубидаги Ушуая портидан мамлакатнинг марказий қисмидаги Мар-дель-Плата портига йўналаётган бўлган. Сув ости кемаси охирги марта Аргентинанинг соҳилларидан 432 км узоқликда қайд қилинган.

Аргентиналик ҳарбийлар хабарида айтилишича, ҳукумат АҚШнинг сунъий йўлдошларга ихтисослашган компанияси билан кеманинг жойлашган ўрнини аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда. Сув ости кемасини излашда Аргентина, Чили, Бразилия, АҚШ ва Буюк Британиянинг қутқарув отрядлари иштирок этмоқда. Шунингдек, қидирув ишларига NASA самолёти кўмак бермоқда.