БААда яшовчи бизнесмен Аҳмад ал-Марзукий автомобиль учун давлат рақамини 10 млн дирҳамга (деярли 3 млн доллар) сотиб олди. Бу ҳақда Khaleej Times нашри хабар бермоқда

Автомобиллар учун эсклюзив рақамлар сотилган аукцион Абу-Дабида бўлиб ўтган.

“Мен 2 рақамини олишдан жуда фахрланмоқдаман ва хурсандман”, деб айтган 23 ёшли бизнесмен журналистларга. 

Аукционда сотилган рақамлардан тушган 15 млн доллар пул хайрия ишларига йўлланади.

Аукционда шунингдек “1111” рақами 12 ёшли болага насиб қилган. У бу рақамни отасидан совға сифатида олган. Совға эса 400 минг долларга айланган.

Ўтган йил БААдаги аукционда “1” автомобиль рақами 8 млн доллардан кўпроққа сотилганди.

Ўзбекистонда ҳам аукцион орқали автомобиль рақамларини сотиш йўлга қўйилган.  

Жумладан, 2017 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг ахборот тизимида “чиройли” авторақамни сотиш бўйича биринчи битим тузилган. Электрон савдолар якунига кўра, Жиззах вилоятида рўйхатдан ўтказилган (25) E 070 EA автомобиль рақами 7 563 637,5 сўмга сотилди. Лотнинг бошланғич нархи 7 488 750 сўмни ташкил этган. 

Айни вақтда Ўзбекистонда энг қимматга сотилган автомобиль давлат рақами Самарқанд вилоятига тегишли юридик шахслар учун мўлжалланган 30 777 ААА рақами ҳисобланади. Бу авторақам 301 миллион 654 минг 338 сўмга харид қилинган. 

Авторақам учун сарфланган бу пулга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «Матиз» автомобилидан 7та, «Спарк»дан 5та, «Лачетти» автомобилидан 3та харид қилиш мумкин.