Жанубий африкалик боксчи Золани Тете WBO таснифи бўйича жаҳон чемпиони камарини қўлга киритди. Қайд этилишича, жанг бокс тарихидаги энг қисқа ринг номи билан тарихга кирди. 

Тете ўз ватандоши Сибонизо Гоньига қарши рингга кўтарилиб, уни мағлуб этишига 11 сония кифоя қилди. У чемпионлик учун жангнинг тез тугаши бўйича жаҳон рекордини ҳам ўрнатди, деб хабар қилмоқда AFP.

Тете жангнинг бешинчи сониясида рақибининг бошига зарба берди ва бундан Гонья қулаб тушди. Ҳакам санашни бошлади, аммо саноқни олтинчи сонияда тўхтатди. Чунки Гонья тура олмаслиги ва унга тиббий ёрдам кераклиги кундек равшан бўлган эди.

Бокс жангини муддатидан аввал тугатиш бўйича аввалги рекорд Даниэл Хименесга тегишли эди. Пуэрторикалик спортчи WBO таснифи бўйича 1994 йилда чемпионлик камарини қўлга киритган, ўшанда австриялик рақиби Харальд Гайерни 17 сонияда нокаутга учратган эди.
 
1993 йили америкалик Жеральд Маклеллан жаҳон чемпионлигини 20 сонияда қўлга киритган эди. 

«Мен бу жангга жуда жиддий тайёрландим. Мен билардим, Гонья узоқ чидай олмаслигини», — деган Тете жангдан сўнг.

Тете WBO таснифида энг енгил вазн тоифасида 2017 йил апрелида ғалаба қозонган эди. У ўшанда филиппинлик Артур Вильянуэвадан устун келганди. 

Тете, шунингдек, IBF чемпионлик камарига ҳам эга. 2016 йил июнида у мексикалик Виктор Руис устидан ғалаба қозонган эди.