Интернетда пайдо бўлган, бош қаҳрамони сирли мавжудот бўлган видеоролик асаби нозик томошабинларни қўрқитиб юбориши мумкин.

Биолог Аарон Померанц Перуда дарахтда бир неча ўнлаб пайпаслагичларга эга бўлган ғайритабиий кўринишдаги бу мавжудотни кўриб, бу ерда гап бир яхлит организм ҳақида эмас, балки бир неча ўнлаб жонзотлар ҳақида кетаётганини англади.

Таъкидланишича, аслида бу жонзотлар арраловчи номли ҳашаротнинг беозор қуртлари бўлган. Улар бирорта тирик жонзотга зиён етказа олмайдилар ва жуда ҳуркак бўлганлари cабабли ғужунак бўлиб олиб, эҳтимолий рақибларига қўрқув солишнинг шундай антиқа йўлини топишган. 

Хавф пайдо бўлганда барча қуртлар гўёки бир яхлит организмдек ҳаракат қиладилар. Жумладан, Аарон улар олдида қўлини силкитмоқчи ёки дарахтга чертмоқчи бўлганда, кичик жонзотлар ўзларини шундай тутдиларки, ҳаттоки кўпни кўрган биолог ҳам бу ҳолатдан бироз эсанкираб, бир чўчиб тушган.  

Ушбу ролик томошабинларда икки хил муносабат уйғотди: баъзилар табиатнинг “донолигига” яна бир бор иқрор бўлишган бўлса, қолганлар қўрқув ва жирканиш ҳис қилганлар.