Ўзбекистон чемпионатининг 29-туридан ўрин олган учрашувлар кўп масалага ойдинлик киритиб бериши кутилмоқда. Аниқроғи бугун бир вақтда бошланадиган икки ўйин билан мамлакат чемпиони ва вице-чемпиони ким бўлиши аниқ бўлиши кутилмоқда.

Албатта чемпион масаласида фақат назарий жиҳатдан «Локо» бу ишни тўлиқ бажармаган, аммо аслида жамоа аллақачон чемпионлик масаласини ҳал қилиб бўлган. «Динамо»да эса бу унвонни улар расмийлаштиришлари керак бўлади. Аммо келгуси мавсум чемпионлар лигасига бериладиган йўлланма учун кечаётган кураш жуда кескин тус олди. Эндиликда «Насаф» ва «Пахтакор» бу йўлланма учун ўзаро ҳисоб-китоб қилишлари керак бўлади. ОЧЛ йўлланмаси учун ўйиннинг ўзаро ўйинда ҳал қилиниши эса учрашувга бўлган қизиқишнинг ортишига ва ҳаттоки, бўлажак чемпион жамоа ўйини эмас, айнан мана йў ўйиннинг йил учрашуви мақомини олишига хизмат қилди. Tribuna.Uz Ўзбекистон чемпионатининг энг муҳим икки ўйини ҳақида батафсил тўхталди.

ЎзПФЛ 29-тур

«Насаф» - «Пахтакор»
Бош ҳакам: 
Зокиржон Қодиров (Навоий)
Қанот ҳакамлари: Обид Жумаев (Навоий),  Руслан Самандаров (Навоий)
Захира ҳаками: Шуҳрат Ражабов (Бухоро).
Назоратчи: Алишер Абдуллаев (Тошкент)
ЎзПФЛ вакили: Бобур Ҳайдаров.

Ўйин олдидан
Юқорида айтиб ўтганимиздек, учрашув кумуш медал ва хақларо майдон йўлланмаси соҳибини аниқлаб бериш кутилмоқда. Учрашувда меҳмонларни фақат ғалаба қониқтиради. «Насаф» эса дуранг эвазига ҳам бу ўрнини сақлаб қолиши мумкин.

«Насаф» чемпионатнинг кейинги ўн учрашувида кетма-кет ғалаба қозонди. «Пахтакор»нинг ғалабали серияси бештага тенг. Ушбу ўнта учрашувда, футболчиларимиз рақиблари дарвозасига 27та тўп киритишди. Ўз дарвозасидан эса атиги 1та тўп ўтказиб юборди.

Ўзаро учрашувлар тарихи
Қаршида ўтказилган ўзаро баҳсларда «Насаф» устунлик қилмоқда. «Насаф» уйида бу жамоалар шу пайтгача 20 марта чемпионат учрашувларида туқнаш келишган. Шуларнинг 7тасида «Насаф» ғалаба қозонган, «Пахтакор» эса 6 марта ғалабага эришган, қолган 7 учрашувда муроса кўчаси танланган. Қаршидаги учрашувларда дарвозаларга жами 37та тўп киритилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик «Насаф» томонида 20:17. «Пахтакор» сўнгги бор Қаршида 2015 йили ғалаба қозонган – 0:1. «Аждарлар» ўтган йилги Қаршидаги ўзаро баҳсда «шерлар»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.

Ўйин олди фактлар

Бўлажак учрашувда мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев жамоани бош мураббий сифатида 150-учрашувда майдонга бошлаб тушади.

«Аждарлар» бугун бу мураббий қўл остида иккинчи марта кумуш медалларни қўлга киритишга яқин. Бердиев учун бош мураббий сифатида, илк кумуш медали бўлади.

«Насаф» ўз тарихида, олий лигадаги 350-ғалабасини нишонлаши мумкин.

«Динамо» – «Локомотив»
Бошланиш вақти: 14:00
Ҳакамлар: 
А. Асимов (Тошкент), А. Снетков (Тошкент вил.), А. Цапенко (Тошкент вил.), Н. Қосимов (Қарши).
Назоратчи: А. Хотамов (Тошкент)
ПФЛ вакили: В. Лёткин.

Ўйин олдидан
Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашув эса чемпионлик масаласига ойдинлик киритиши кутилмоқда. «Локомотив» ушбу учрашувда ғалабага эришиш орқали мавсум якунланишига 1 тур қолганида муддатидан аввал чемпионлик унвонига эга чиқади. Бу орқали «темирйўлчилар» кетма-кет иккинчи йил Олий Лига етакчилигини сақлаб қолган бўлишади.

Ўзаро ўйинлар тарихи
«Динамо» ҳамда «Локомотив» жамоалари миллий чемпионатларимиз доирасида шу пайтга қадар 23 марта ўзаро тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлардаги натижаларда ҳозирча тенглик: Яъни ҳар икки жамоа ҳам 10 мартадан ғалабага эришган, 3та учрашувда эса дуранг қайд этилган. Бугунги беллашувда ғалаба қозонадиган клуб ўзаро ўйинлар тарихида рақибидан ўзиб кетишга муваффақ бўлади.

Ўйин олди факт
«Динамо» сўнгги бор «Локомотив»дан ўз уйида 2013 йилда устун келган. Ўшанда самарқандликлар 1:0 ҳисобида зафар қучишган эди. Шундан сўнг «Локо» ушбу рақибга умуман ютқазмасдан келмоқда.

Азамат Муродов тайёрлади