Фаластин ҳукумати Вашингтондаги ўз ваколатхонаси ёпилишининг оғир оқибатларидан огоҳлантирди. Бу қадам Американинг Яқин Шарқ тинчлик жараёнидаги воситачилигига зиён етказади. 

18 ноябрь куни Давлат департаменти Фаластин озодлиги ташкилотининг Вашингтондаги ваколатхонасига берилган рухсатномани қайтариб олишини билдирган эди. Бу тузилма халқаро майдонда фаластинликларнинг манфаатларини намоён этади ва амалдаги Фаластиннинг Вашингтондаги элчихонаси вазифасини бажариб келади.

"Биз буни икки томонлама муносабатларимизга зарба берадиган жуда қийин қарор деб баҳолаймиз. Агар у ваколатхонани 90 кунга ёпишни назарда тутса, шу муддат ичида АҚШ билан барча алоқаларимиз тўхташини билдиради", — дейилади ФОТ бош котиби ва бош фаластинлик музокарачи Соиб Орейкатнинг Америка маъмуриятига йўллаган мактубида. 

"Бу қарор АҚШ маъмурияти тинчлик жараёнидан чиқишини англатади", — деган Орейкат. 

Унинг сўзларига кўра, Фаластин раҳбарияти яқин кунларда ваколатхонаси билан боғлиқ масала юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказади ва эҳтимолий жавоб чораларини муҳокама қилади. 

"ФОТ идорасининг ёпилиши — Америка-Фаластин муносабатлари тарихида кузатилмаган ҳодисадир. У тинчлик музокаралари, Америка-араб муносабатлари учун жиддий оқибатларга олиб келади ҳамда тинчликпарвар саъй-ҳаракатларга зарба беради ҳамда қўрғонлар барпо қилиш ва икки давлатчилик принципидан воз кечиш орқали АҚШ сиёсатини барбод қилаётган Исроилни мукофотлайди", — деган Фаластин президенти матбуот котиби Набил Абу Рудайна. 

Давлат департаменти эса, ФОТга берилган рухсатноманинг қайтариб олинишини Фаластин томонининг Исроил ва исроилликларни Ҳаага халқаро жиноят судида таъқиб қилиш амалиётига чек қўймагани билан изоҳлади. 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху девони қабул қилинган қарорни "ҳурмат қилиши"ни билдирди ва Қўшма Штатлар билан Яқин Шарқда тинчликка эришиш учун ҳамкорлик қилишга шайлигини таъкидлади. 

"Гап Америка қонуни ҳақида бормоқда. Биз қабул қилинган қарорни ҳурмат қиламиз ва АҚШ билан минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишларни давом эттиришга ишонамиз", — дейилади ахборотномада.