IndiGo авиакомпанияси 11 йил олдин ташкил топган бўлишига қарамай, Ҳиндистонда ўз соҳасида етакчилик қилишга муваффақ бўлган. Ташувчи мамлакат бозорининг учдан бир қисмидан ортиғини эгаллайди ва бир неча маротаба Марказий Осиёдаги энг яхши авиакомпания сифатида эътироф этилган. Бироқ 2017 йилнинг ноябри авиакомпания учун омадсиз келмоқда: у бир неча марта пиар-можароларга аралашиб қолишга улгурди, боз устига самолётларга ҳам нимадир бўлмоқда.

Барчаси 4 ноябрда бадминтончи Пусарла Венката Синдху Твиттерда авиакомпанияни танқид қилгандан сўнг бошланди - спортчининг сўзларига кўра, IndiGo ходимлари унга қўпол муомалада бўлишган. Авиакомпанияда машҳур спортчидан (Синдху - Олимпиаданинг кумуш медалига сазовор бўлган ҳиндистонлик ягона аёл) узр сўраш ўрнига, спортчининг ўзи айбдор эканлигини айтишган: у рейсга кеч қолаётганди, сумкаси эса қўлда ташиш учун ҳаддан ташқари катта бўлган. 

Уч кундан кейин интернетда IndiGo ходимларининг йўловчига қўл кўтараётган видеоси пайдо бўлди. Улар қандайдир сабабларга кўра йўловчини самолётга элитувчи автобусга қўйишни исташмаган, йўловчи эса қандай бўлмасин, автобусга киришга уринган. Охир-оқибат, IndiGo ходимлари уни асфальтга қулатишган.

Видео тарқалиб кетгандан сўнг авиакомпания расман узр сўраган - бироқ кеч бўлганди. Твиттерда ташувчини танқид қилишга йўналтирилган мем ва ҳазиллардан иборат  #boycottIndiGo кампанияси бошлаб юборилганди. Йўловчига қилинган ҳужумни видеога олган авиакомпания ишчисининг ишдан бўшатилгани ҳақида маълум бўлганидан сўнг IndiGo янада катта танқидга учради. 

13 ноябрь куни Лакхнау аэропортида IndiGo ходимлари ногиронлар аравачасидаги йўловчига кўмаклашаётиб, уни тўсатдан йиқитиб юборишди. Компанияда аэропорт хизмати айбланган: маълум бўлишича, айнан IndiGo вакиллари қоидабузарликка йўл қўйишган. 

Бундан ташқари, авиакомпания ходимларининг хатти-ҳаракатига боғлиқ бўлмаган яна икки воқеа рўй берди. 14 ноябрда 150 йўловчини ўз ичига олган лайнернинг Вишакхапатнам аэропортидан парвози сўнгги дақиқаларда бекор қилинди, бунга учиш йўлакчасига тўнғизнинг пайдо бўлгани сабаб бўлди, натижада рейс уч соатга кеч қолди. 

Икки кундан кейин 134 нафар йўловчини ўз бортига жойлаштирган самолёт парвозни амалга ошириши билан аэропортга қайтишга мажбур бўлди, бунга лайнернинг қушлар билан тўқнашуви сабаб бўлган. 

Табиийки, воқеалар соҳа бозорига таъсир кўрсатмай қолмаган. 1-15 ноябрь оралиғида компания акциялари 7 фоизга пасайган, октябрь ойида эса, аксинча, уларнинг нархи ошаётган бўлган.