НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 18 ноябрда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғандан Норвегиядаги ҳарбий машғулотлар вақтида Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк ва Эрдўғаннинг суратлари нишон сифатида қўллангани учун узр сўради. Бу ҳақда Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда NTV телеканали хабар берди

Аввалроқ Столтенберг ва Норвегия мудофаа вазири Франке Бакке-Енсен ушбу ҳолат учун Эрдўғандан узр сўрашганди, бироқ Туркия президенти “ушбу вазиятни бир узрлар билан ёпиб бўлмаслигини” айтган.

Маълум қилинишича, Столтенберг Эрдўған билан телефон орқали мулоқотда НАТО бўлиб ўтган воқеани тергов қилишни бошлаганини маълум қилган ва бундай ҳолатлар бошқа қайтарилмаслиги учун барча зарурий чоралар кўрилишига ваъда берганди. Столтенберг, шунингдек, Туркия НАТОнинг муҳим иттифоқдошларидан ҳисобланишини таъкидлаб ўтган ва ушбу можаро муносабатларнинг ёмонлашишига олиб келмаслигига умид билдирган.

17 ноябрда Эрдўған НАТОнинг Норвегиядаги “Уч тишли найза-2017” (Trident Javelin 2017) номли машғулотларида унинг ва Отатуркнинг расмлари шартли рақибни белгилаш учун қўлланганини маълум қилганди. Шу туфайли машғулотлардан 40 нафар турк ҳарбийси ортга чақиртириб олинган.