Россия, Эрон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров, Муҳаммад Жавод Зариф ва Мавлут Човушўғлу Антальядаги учрашувда Сурияда зўравонлик даражаси пасайганини қайд қилишди. Бу ҳолат Суриядаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилишга ўтишга имкон беради. Бу ҳақда Лавровнинг учрашув натижаси бўйича изоҳларида маълум қилинган.

Вазирлар Антальяда 19 ноябрда учрашдилар. Учрашув Суриядаги вазиятни ҳал қилишга бағишланди. Ушбу музокаралар олий даражадаги Россия-Эрон-Туркия саммити олдидан ўтказилди. Саммит эса 22 ноябрда Сочида бўлиб ўтади.  

Музокаралар 2 соатга яқин давом этган.

“Вазирлар Суриядаги вазиятни ҳал қилиш билан боғлиқ барча масалалар бўйича фикр алмашишди. Суриядаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг асосий тенденциялари кўриб чиқилди. Томонлар Сурияда зўравонлик даражаси пасайганини қайд қилишди”, деб айтилган хабарда.

Бундан ташқари, вазирлар Сочида ўтадиган Сурия миллий мулоқоти конгрессининг йиғилишига тайёргарликни муҳокама қилишган.

Уч давлат вазирлари Сурия миллий мулоқоти конгрессини ташкиллаштиришнинг барча асосий масалалари бўйича тавсиялар юзасидан келишиб олдилар. Бу тавсиялар ҳақида Россия, Эрон ва Туркия президентларига уларнинг Сочидаги учрашуви олдидан ҳисобот берилади.