Ангрен шаҳрида 8 ноябрь куни соат 21:20 ларда, шу шаҳарда яшовчи М.А. маст ҳолда уйи олдида ўзаро жанжаллашиб таниши ва ҳамшаҳри А.Н.ни кўкрак қафаси орқа томонига ош пичоғи билан бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи шифохонага ётқизилган. А.Н.га етказилган жароҳат ҳаёти учун хавфли, «оғир» эканлиги аниқланиб, ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Терговни ИИБ олиб бормоқда.

Чиноз туманида 15 ноябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 1986 йилда туғилган У.М.нинг уйи гумонланиб текширилганда гаражидан 31,8 г «марихуана» гиёҳванд моддаси олинди. Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бўстонлиқ туманидаги «Бўстонлиқтумангаз» филиалида 2016 йилнинг 22 январь кунидан 2017 йилнинг 10 октябрь кунига қадар ишлаган Р.Ё. фирибгарлик йўли билан, шу туманида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор, А.К.нинг ишончини суиистеъмол қилиб, «табиий газдан фойдаланишингиз учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб бераман», деб алдаб, ундан бир миллион икки юз минг сўм пулни олиб, шу кунга қадар қайтариб бермаган. Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи, 1993 йилда туғилган Ж.А. 15 ноябрь куни соат 07:00 ларда Чиноз тумани Эшонобод қишлоқ фуқаролар йиғини аҳоли яшаш пункти айланма йўллари орқали Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган. Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан ЖК 223-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва ИИБ томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

16 ноябрь куни соат 08:00 ларда, Бўстонлиқ туманида  яшовчи, Чирчиқ шаҳар «Техника касб-ҳунар коллежи» талабаси, 2001 йилда туғилган М.А. Чирчиқ шаҳрида ўзаро жанжаллашиб, таниши — шу коллежнинг 1-босқич талабаси, 2001 йилда туғилган Ш.С.ни қўли билан уриб, шикаст етказган. Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббий марказининг бирламчи тиббий маълумотномасига кўра, Ш.С.га етказилган тан жароҳатлари «соғлиқни қисқи муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати» эканлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов жараёни кетмоқда.