Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Жанубий Кореяда ўтказилган анжуманда олий таълим ва ўқитиш соҳасида халқаро ҳамкорлик масалаларини» муҳокама этганини эслаб, яқин орада Жанубий Кореянинг бошқа университетларига ҳам Ўзбекистонда фаолият кўрсатишлари учун кенг имконият яратилиши мумкинлигига тўхталиб ўтди.

"Бундан 2 йил аввал Корея Республикасидаги анжуманда олий таълим соҳасида Корея билан халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини муҳокама қилганимизда, аввалига бу фикр баъзи консерватив кореяликлар учун кутилмаган ва жуда қалтис янгилик бўлиб кўринганди. Шундай бўлса-да, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (Кореянинг хориждаги илк университети)нинг Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бораётганини вақтнинг ўзи кўрсатди.

Умид қиламанки, яқин вақт ичида кореялик бошқа университетлар ҳам Ўзбекистонда ўзларининг бўлинмаларини очишни ўйлаб кўрадилар. Президентимизнинг кейинги ҳафтада Корея Республикасига режалаштирилган расмий ташрифлари янги сайланган 2 президентларнинг илк тарихий учрашуви бўлиши ҳисобга олинса, таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳим даврини бошлаш учун айни муддаодир".

Шерзод Шерматовнинг фикрича, бошқа томондан, Кореяда талабалар сонининг камайиб бораётгани бу ердаги университетларга ўзларининг хориждаги бўлинмаларини очиш орқали ривожланиш ҳамда фаолиятларини кенгайтиришнинг энг мақбул йўли бўлиши мумкин. 

Шунинг билан вазир кореялик таълим соҳаси вакиллари томонидан янги таклифлар пайдо бўлса, бажонидил буларни муҳокама этишга тайёрлигини билдиради.

Эслатиб ўтамиз, Шерзод Шерматов ҳозирги эгаллаб турган лавозимига ўтказилишидан аввал, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи ректори бўлиб меҳнат қилган.