Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ўзининг қўл соатини «Де-Факто» газетаси муҳаррири Омонтур Мусогуловга ҳадя қилди. Журналист бу ҳақда бугунги якуний матбуот анжуманида илтимос билан чиққан.

Омонтур Мусогулов ўз сўзида тушида Алмазбек Атамбоевнинг соатини тақиб юрганини кўргани ҳақида айтди. 

«Мен тушимда сизнинг соатингизни тақиб юрганимдан фахрлангандим», - дея айтган президентга «Де-Факто» муҳаррири. Давлат раҳбари эса ўзининг тилла соатини шу заҳотиёқ ечган ва журналистга берган.

Шунингдек, Атамбоев матбуот анжуманида биометрик маълумотларни бермаётган журналистларга бошқа давлатларда яшашни маслаҳат берди.

«Акчабар» нашри вакили Мария Зозуля шундай савол берган: «Мен сизни ҳам, Жээнбековни ҳам танламаганман, сабаби ўз давлатим мени бундай конституциявий ҳуқуқдан маҳрум қилди. Жуда кўплаб қирғизистонликлар буни хоҳлашганидан эмас, балки аҳолини рўйхатдан ўтказиш департаменти бизнинг маълумотларимизни ҳимоя қила олмаслиги туфайли биометрик маълумотларни тақдим этмади. Менинг конституциявий ҳуқуқим қачон тикланади? Умуман, бу юз берадими?»

«Сиз Европага парвоз қилиб турасизми?» - дея сўраган президент. Ижобий жавобдан сўнг эса шундай жавоб қайтарган: «Бироқ сиз у ерда ҳам биометрик маълумотларни берасиз-ку». «Чунки ишонаман», - дея айтиб ўтган Мария Зозуля.

«Унда сиз ўзингиз ишонадиган давлатда яшаганингиз маъқулдир? Агарда, сизни қабул қилишса, ўша ерда яшайверинг, - дея жавоб берган унга Атамбоев. – Мен сайловларни биометрик маълумотлар бўйича ташкил қилиб тўғри қилдим, акс ҳолда бизда яна иккита инқилоб бўларди. Буни кутмасангиз ҳам бўлади! Ҳар доим биометрия асосида сайловлар бўлади. Сиз Европада маълумотларингиздан фойдаланишмайди, деб ўйлайсизми? Сноуденни, бошқаларни эшитиб кўринг. Ўз мамлакатини оз бўлса ҳам ҳурмат қилиш ва яхши кўриш керак».