Саудия Арабистони Эроннинг араб дунёсидаги кучайиб бораётган таъсирига қарши курашини кучайтирди. У шу мақсадда 19 ноябрь куни Араб Лигасига аъзо 22 давлатни Эроннинг Ливандаги иттифоқдоши Ҳизбуллоҳ ташкилотини “террорчи ташкилот” деб қоралашга ундади. 

Араб мамлакатларининг ташқи ишлар вазирлари Лиганинг Қоҳирадаги бош қароргоҳида Саудия Арабистони томонидан чақирилган фавқулодда мажлисга тўпланишди. Ливаннинг ташқи ишлар вазири Жиброн Бассил мазкур йиғилишга келмади. 

Ироқ ТИВ раҳбари Иброҳим ал Жаъфарий ҳам мажлисда қатнашмаган. Айтиш жоизки, Эрон ва АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Бағдоднинг ИШИДга қарши урушида асосий қўллаб-қувватловчилари бўлди. 

“Биз барчанинг масъул бўлишини хоҳлаймиз”, - деган Баҳрайн ташқи ишлар вазири Холид бин Аҳмад ал Халифа. – Биз Ливан каби ҳукуматда Ҳизбуллоҳ шерикчилик қиладиган мамлакатларни назоратга олишни истаймиз”. Ал Халифанинг даъво қилишича, Ливан “ушбу террорчи гуруҳ томонидан бутунлай назорат қилинмоқда”.

Баҳрайн ташқи ишлар вазирининг баёнотини шарҳлаган Байрутдаги Америка университети профессори Рами Хурийга кўра, "Ҳизбуллоҳ, айни вақтда, Ливандаги энг кучли сиёсий гуруҳдир. Бу айниқса консенсус талаб қилинадиган ҳолатларда яққол намоён бўлади. Бироқ Ҳизбуллоҳ тўлиқ назорат қилинмайди”.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги сўнгги кескинлик кучайишига 4 ноябрдаги ҳодисалар сабаб бўлди. Ўшанда Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган исёнчи ҳусийлар Ар Риёд халқаро аэропорти томон баллистик ракета учирди. Саудия Арабистони ушбу зарбада Ҳизбуллоҳ ва Эронни айблади. Улар, ўз навбатида, бу айбловни рад этди. Қайд этиш жизки, Саудия подшоҳлиги ва Эрон ўртасидаги муносабатлар 1979 йилги Эрон инқилобидан сўнг ҳавас қилгулик эмас. 

Саудия Арабистони ўз ташаббуси билан чақирилган мажлисда Эрон билан мустаҳкам алоқаларга эга бўлган Ҳизбуллоҳни жиддий тарзда айблади. Подшоҳликнинг Кўрфаз масалалари бўйича вазири Тамар Сабаҳ огоҳлантириб, Ливан “ё тинчликни ёки Ҳизбуллоҳнинг сиёсий бошқарувида яшашдан бирини танлаши керак”, деган фикрни илгари сурди. 

Аммо, ҳозирча, Араб Лигасининг 19 ноябрдаги йиғилиши аниқ ҳаракатларга айланадими-йўқми, бирор нарса дейиш қийин. Маълумки, Лига амал қилинмайдиган резолюциялар ва коммюникелар қабул қилиш билан чекланадиган ташкилот эканлиги билан машҳурдир. Бироқ Араб Лигаси илк бор Ҳизбуллоҳга қарши шундай жиддий қарши турмоқда. 

Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зариф фавқулодда йиғилишга ўз фикрини билдирар экан, “афсуски, Саудия Арабистонига ўхшаш мамлакатлар турли хилликларни барпо қилаётгани сабабли гуруҳлардан бошқа нарсани кўрмаяпти”.