АҚШ Давлат департаменти Шимолий Кореяга босимни кучайтириш назарда тутилган дастур бўйича грантни қўлга киритиш учун танлов шартларини эълон қилди. У КХДР ядровий ва ракета дастурига қарши курашишга 12 млн. доллар ажратилишини назарда тутади. RT тегишли ҳужжат билан танишганини иддао этмоқда.

«Қўшма Штатлар ҳукумати КХДРга босим ўтказишнинг барча имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, бу оммавий қирғин қуроллари ва етказиб бериш тизимлари ишлаб чиқаришни тўхтатишга эришиш ҳамда КХДРни ядро қуролидан воз кечишга мажбурлаш учун керак», - дейилади ҳужжатда.

Таъкидланишича, пуллар, хусусан, янги санкциялар киритиш ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилиши билан алоқадор бўлган активларни музлатиш имконини берувчи ҳуқуқий дастакларни ишлаб чиқишга йўналтирилади. 

Пхеньян томонидан оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқиш дастурини молиялаштириш билан боғлиқ барча фаолият назорат остига олинади.