Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Рустам Қобилов вилоятда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида самарқандлик ёшлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат йўллади. 

KUN.UZ’га келиб тушган мурожаат матнида шундай дейилган:

«Азиз ёшлар! Ҳурматли ота-оналар!

Бугун дунёда содир этилаётган турли хил террористик ҳаракатлардан хабарингиз бор. Буларни содир этганлар ичида ёшлар ҳам борлиги жуда ҳам аянчлидир.

Маълумки, Ўзбекистонда ёшлар учун жуда катта имкониятлар яратиб берилган. Бу имкониятлардан фойдаланган ёшлар спорт, фан, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритишмоқда.

Афсуски, вилоятимизда бу имконият ва шароитлардан унумли фойдаланмай, адашиб ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этаётган ёшларимиз ҳам учрамоқда. Бу биз учун жуда катта иснод, жуда катта шармандаликдир.

Мактабга, коллежга дарсга бормай, ота-она назоратисиз интернет клубларда, тунги ресторанларда саёқ юрган ёшлар ўз келажагига болта уришмоқда. Ўз келажаги йўлини ўзи тўсиб қўймоқда. Билмай ўғирлик, товламачилик, босқинчилик ва бошқа турдаги оғир жиноятларга қўл уриб, гулдек умрини хазон қилмоқда. 

Азиз ёшлар!

Биз аввало, ўз тақдиримизга, қолаверса, тенгдошларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик. Бизнинг келажагимиз бугундан бошланади.

Таҳлиллар натижасига кўра, аксарият жиноятлар бекорчилик сабаб содир этилмоқда. Бўш вақтимизни билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва фойдали меҳнатга сарфлайлик. Биздан, вояга етказган ота-онамизнинг, нон-туз бериб катта қилаётган Ватанимизнинг умиди катта.

Биз — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни иш билан таъминлаш учун масъулмиз. Бу борада биз ёшлар учун барча имкониятларни яратиб берамиз. Бу имкониятлардан унумли фойдаланинг!

Азиз ёшлар! Самарқандда ёшлар ўртасида хуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишда бирлашайлик. Тенгқурларимиз келажагига бефарқ бўлмайлик. Ота-онамиз ва Ватанимиз ишончини оқлайлик.

Ҳурматли ота-оналар!

Ҳар биримиз фарзандимизнинг тарбияси учун масъул эканимизни унутмайлик. Зеро, фарзанд ота-онанинг юзи, унинг ор-номусидир. Фарзандингизнинг ким бўлиши, аввало сизга боғлиқ. Ҳар бир ота-она Президентимиз айтган «Ўз болангни ўзинг асра!» деган сўзларни ўзимизга шиор қилиб олайлик».