13 ноябрда Ўзбекистонда Жанубий Кореяда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Комплекс тест маркази ўз фаолиятини бошлаганди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маъмурияти янги Комплекс тест марказининг очилиши Корея Республикасида ишлаш ниятида бўлган ўзбекистонликлар учун муайян қулайликлар яратишини маълум қилган.

Хўш, яқинда иш бошлаган ушбу марказда тест жараёни қандай кечмоқда? Имтиҳон жараёнида тартиб, холислик, шаффофликка қанчалик амал қилинмоқда? Фуқаролар янги тизимнинг ишга тушганидан манфаатдорми?

Ушбу саволларга аниқ жавоб олиш мақсадида Кun.uz мухбири Комплекс тест маркази биносига ташриф буюрди. Маълум бўлишича, имтиҳонлар 4 сеансда, CBT – Computer Based Testing усули бўйича амалга оширилади. Бу ҳақда бинонинг ташқарисига ҳам алоҳида эълонлар осиб қўйилган экан.

3 сеанс соат 14:00га яқин марказ биноси атрофи одамлар билан гавжум бўла бошлади. Қарангки, Жанубий Кореяда ишлаш ниятида бўлган фуқароларимиз талайгина экан.

Гувоҳ бўлганимиздек, тест жараёни белгиланган вақтда бошланди. Ўз билимини синаб кўрмоқчи бўлганлар дастлаб онлайн рўйхатдан ўтишган бўлиши шарт.

ЭСЛАТМА!

Сана ва сеанснинг бронланишини тасдиқловчи СМС-хабар тест синовидан ўтиш учун “электрон бронлаш”ни ифодалайди. КТМ ходимларининг талабига биноан, сиз ушбу СМС-хабарни мобил телефонингиз орқали кўрсатишингиз керак бўлади. Акс ҳолда, сиз тест синовидан ўтишга киритилмайсиз. Шу сабабли, фуқаролардан онлайн бронлаш вақтида ушбу СМС-хабарни сақлаб қолиш ҳамда уни тест вақтида кўрсатиши сўралади.

Репортажни тайёрлаш вақтида биз Комплекс тест марказининг раҳбари Вадим Цой билан суҳбат қуришга муваффақ бўлдик. Раҳбар марказнинг янги биноси билан таништириб, керакли маълумотларни айтиб ўтди.

“Комплекс тест маркази (КТМ)нинг бронлаш тизимида пайдо бўлган вақтинчалик муаммолар туфайли марказ маъмурияти узр сўрайди. Мазкур муаммонинг юзага келиши 7 ва 8 ноябрь кунлари Ўзбекистонда интернетнинг бутунлай узилиши билан боғлиқ бўлиб, техник носозлик туфайли бронлаш тизимида камчиликлар кузатилган. АT мутахассислари мазкур носозликлар устида ишлаб, бронлаш тизимини янгилашга муваффақ бўлишди. Эндиликда декабрь ва январь ойларида ҳам бронлаш  тизими очиқ бўлади”, дея қайд этди Вадим Цой.

Раҳбарнинг таъкидлашича, Жанубий Кореяда қонуний меҳнат қилишни истаган фуқаролар сони тобора ортиб бормоқда. Буни марказ эшигининг тагида ҳосил бўлган катта навбатдан ҳам сезиш қийин эмас. Бунга асосий сабаб нимада?

КТМ доимий тарзда фаолият олиб боради. Кўплаб юртдошларимиз бизнинг фаолиятимиз тўхтаб қолишидан хавотирга тушгани боис шошилинч тарзда рўйхатдан ўтишмоқда. Бундай фикрлардан мутлақо йироқда юришни тавсия қиламиз. Сабаби, марказнинг иш режасида маълум бир санагача фаолият юритиб, кейин ёпилиш кўзда тутилмаган.

Шундай экан, фуқароларимиздан шошмасликни ва тест синовларига пухта тайёргарлик кўриб келишларини сўраб қоламиз. Ҳар бир кишига тест топшириш имкони берилади”, дея қўшимча қилди марказ раҳбари интервью вақтида. 

Шунингдек, дастлабки ойларда КТМ шанба кунлари ҳам ишлайди. Шу сабабли, шошилмаслик сўралади. Ҳар бир киши тестларни чекланмаган миқдорда (фақат 2 ҳафтада 1 мартадан) топшириши мумкин. Бу эса имтиҳондан ўтувчиларга ўз билимини объектив баҳолаб, қониқарсиз натижа олинганда яна бир бор тайёргарлик кўриб, қайта тест топширишига имкон беради. Ҳар бир уринишдан эса энг юқори кўрсаткич сақланиб қолинади. Яъни, агарда сиз биринчи имтиҳонда 50 балл, иккинчисида 30 балл тўпласангиз, дастлабки баҳо ҳисобда қолаверади.

“Мен интернет орқали эълонни кўриб, марказ сайтидан рўйхатдан ўтдим. Жорий қилинган мазкур тест синовлари Кореяда эркин ва қонуний фаолият олиб боришга, керакли ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам беради. Билишимча, фуқароларга ўзига тўғри келадиган ишни танлаш учун имкон берилади”, дея таъкидлади тест синовига ташриф буюрган Иқболжон Абдунабиев.

Тест олинадиган хона шинам бўлиб, замонавий дастурий таъминот асосида ишлайдиган компьютерлар билан жиҳозланган. Имтиҳон жараёнида сокинлик, шаффофликни таъминлаш мақсадида хонага махсус кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, айрим тушунмовчиликлар ва саволлар юзага келишини ҳисобга олган ҳолда тест жараёнига кузатувчи ходимлар ҳам бириктирилган.

Бугунги сеансда Корея Инсон ресурслари марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пак Санг Унинг шахсан ўзи тест жараёнини кузатиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Шу ўринда бир савол туғилади: тест синовларидан энг яхши натижаларни қўлган киритган юртдошларимизни Жанубий Кореяда қандай ишлар кутмоқда?

Айнан шу саволга жавоб олиш мақсадида жаноб Пак Санг Уга мурожаат қилдик.

Ўзбекистонлик ишчиларга асосан механика, металл конструкция, пайвандчилик, енгил саноат каби соҳалардаги ишлар, шунингдек, мебель ишлаб чиқариш заводлари ҳамда текстил фабрикаларидаги иш ўринлари таклиф этилади. Самарали меҳнат қилган ишчилар ўз вақтида ойлик маоши билан таъминланади. Кореяда ишлайдиган чет эллик фуқаролардан биринчи навбатда мулоқот тилини яхши билиши талаб этилади. Ушбу марказ ҳам фуқароларнинг тил даражасини аниқлаш мақсадида ташкил этилди. Авваллари тест синовидан ўтмай борган ишчилар корейс тилида сўзлаша олмай, кўплаб муаммоларга дуч келишган. Ёки аксинча, айрим кишилар тилни билса-да, саломатлиги яхши эмаслиги панд берган. Шу сабабли, биз аввало тил даражаси, сўнгра жисмоний ҳолатига баҳо берамиз”, дейди Корея Инсон ресурслари марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

Шунингдек, Пак Санг У Комплекс тест марказлари 15та мамлакатда фаолият юритишини ҳам қўшимча қилди. Ҳозирда хоҳловчилар сони ва билим салоҳияти бўйича Ўзбекистонлик фуқаролар энг яхши натижани қайд этишмоқда.

Фойдали маълумотлар:

  • Тест саволлари Ўзбекистондаги учта олийгоҳ томонидан тузилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган. Тестларни 40 дақиқада топшириш керак бўлади.
  • Жанубий Кореяда ишлашни истаган фуқаролар 18-39 ёшда бўлиши, шунингдек, аввал судланмаган, Кореядан депортация қилинмаган, корейс тилида сўзлаша олиши талаб этилади.
  • Тест синовлари ўтаётган вақтда ҳеч қандай электрон воситалардан фойдаланишга рухсат берилмайди. Шу билан бирга, бировнинг ўрнига имтиҳонга киришга ҳам йўл қўйилмайди. Ҳар бир сеанс масъул ходимлар томонидан қатъиян назорат қилинади.
  • Тест натижаларидан норози бўлган фуқаролар 20 кун ичида аппеляцияга бериш ҳуқуқига эга.
  • КТМ тест синовидан ўтиш учун 87 500 сўм қийматида тўлов белгиланган.

Феруза Авазова тайёрлади