2017 йил 26 октябрь куни соат 08:30 дан 23:30 га қадар вақт оралиғида номаълум шахс, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида фуқаро Ж.М.нинг хонадони эшиги қулфини калит танлаш йўли билан очган ҳолда ғайриқонуний равишда кириб, жами баҳоси 5.500.000 сўм бўлган «Lenovo» русумли планшети, «Acer» русумли ноутбуки, «Samsung» русумли телевизори ҳамда «Artel» русумли чангютгичини ўғирлаган. Шунингдек Ж.М.нинг муҳим шахсий ҳужжатларини эгаллаб олган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан, Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик, яъни уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) ва 227-моддаси 2-қисми “а” банди (муҳим шахсий ҳужжатларни эгаллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни 1990 йилда туғилган А.М. содир этганлиги аниқланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.