«Давлат органлари тадбиркор таянчи: коррупцияга йўл йўқ!» Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда солиқ органлари ходимлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбир шундай номланди, деб хабар беради KUN.UZ’га вилоят давлат солиқ бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.

Жорий йилнинг 28–29 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев Самарқанд вилояти фуқаролари билан ўтказган «Сайёр қабул» учрашувларда 585 нафар фуқаронинг 93 та мурожаати рўйхатга олинган эди. Мазкур мурожаатлардан 12 таси коррупция ҳолатлари бўйича, 2 таси эса тизим ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан берилган оғзаки ҳамда ёзма мурожаатлари ҳисобига тўғри келади.

Ушбу ҳолатлар юзасидан хизмат текширувлари ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборилган.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тадбиркорларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб берилмоқда. Аммо баъзи тадбиркорлар қонуний фаолият юритишдан кўра, қонунни четлаб кўпроқ фойда кўришга уринишади. Бунинг учун давлат солиқ хизмати ходимларини пора эвазига сотиб олишга ҳаракат қилишади. Баъзи ходимлар эса тадбиркорларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини  яхши билмасликларидан фойдаланиб тамагирлик қилишга ҳаракат қилишади. Бундан кўриниб турибдики, коррупция ҳолатлари турли сабаблар ва ҳолатларда вужудга келади.

Тадбирда солиқ тўловчилар ва давлат органлари ходимлари, хусусан, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ўртасида коррупция, порахўрликка оид ҳолатларнинг юзага келишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтилди. Тадбирга таклиф этилган суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, тегишли ташкилотларнинг ходимлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан биргаликда давлат солиқ хизмати органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш масаласини муҳокама этишди. Мазкур иллатга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик принципини таъминлаш, ҳар бир жиноий ҳаракат ва ҳаракатсизлик учун жазонинг муқаррарлиги тушунтириб ўтилди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш учун янги имкониятлар яратилмоқда. Эндиликда тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар тубдан қисқаради. Бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланганлиги ҳақида ҳам тушунча берилди.

— Очиқ мулоқот барча учун самарали бўлди, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Элдор Турсунов. — Ўзимни қизиқтирган саволга жавоб олишдан ташқари, ҳуқуқий билимим ошди.  Шунингдек, коррупция, унинг туб илдизи, мазкур иллатга қонунчиликда белгиланган жазолар тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлдим.

Тадбирда қатнашчиларни қизиқтирган саволларга малакали ходимлар томонидан атрофлича жавоблар, уларни қийнаётган муаммоларнинг ечими бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилади.

Бу каби тадбирлар барча шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларида ҳам ўтказилди.