Макаодаги автопойгада катта авария содир бўлди. Ушбу ҳолат видеода қайд қилинди. 

Гран-придаги тўқнашув трассанинг энг тор жойларидан бирида юз берган. Илк учта машина бу жойдан муаммосиз ўта олган, бироқ тўртинчи бўлиб кетаётган Даниэль Хункаделья йўл четидаги тўсиққа урилган. 5-машина унинг олдидан ўтиб кетишга муваффақ бўлган, бироқ ортдан келаётган бошқа машиналар бирин-кетин бир-бирига урила бошлаган.

Трассани машиналардан юк кўтариш крани билан тозалашга тўғри келган. Тахминан бир соатдан кейин 20 тадан 8 та машинагина пойгани давом эттира олган.

Хункадельяга урилган пойгачи Лоуренс Ванторнинг айтишича, у бурилиш ортидаги машинани сезмай қолган. “Мен дастлаб уни кўрмадим. Сўнгра машина ҳаракатланмаётганини кўрдим. Мен машинамни тўхтатмоқчи бўлдим, бироқ у тўхтамади. Шу сабабли мен ҳеч нарса қилолмадим” деб айтган пойгачи.

Ўз навбатида воқеа вақтида бешинчи бўлиб ҳаракатланган ва йўлда турган машинани четлаб ўта олган пойгачи Рафаэле Марчеллонинг айтишича, бу вазиятда унинг омади чопди. “Тирик қолганим ўзи бахтдир. Бу ўзига хос ва ваҳимага солувчи трассадир”, деб айтган пойгачи.