Нажмиддин Қарши шаҳридаги “Самарқанд” шоҳбекатига келди-ю, Тошкентга жўнайдиган киракаш ҳайдовчиларни излаб, атрофга аланглай бошлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бир четда турган Жамшид уни бироз кузатиб тургач, шундоқ “мижоз”ни бошқа ҳайдовчилар “илиб” кетмаслиги учун югуриб олдига борди.

-  Ака, Тошкентга кетасизми?

-  Йўқ, кетмайман, - деди Нажмиддин у билан саломлашаркан. – Пойтахтга “почта” жўнатишим керак эди...

-  Бўлди, айтган жойингизга етказамиз, - деди Жамшид қатъий. – Фақат хизмат ҳақини берсангиз бўлди...

Нажмиддиннинг “почта”си 1 млн. сўм пул экан. У Жамшидга жўнатма ва хизмат ҳақи билан бирга Тошкентда пулни қабул қилиб оладиган кишининг телефон рақамларини ҳам берди.

Орадан машина Тошкентга етиб борадиган муддат ўтди ҳамки, омонат эгасининг қўлига тегмади. Нажмиддин бир неча кун ўтибгина фирибгарга чув тушганини англаб, бошини чангаллади...

Тошкентга қатнайдиган ҳайдовчилардан бири Раҳимжон Мустафоев ҳам бировнинг омонатини пойтахтга етказиш масъулиятини зиммасига олган эди. Мижози Асқар Алиқулов унинг қўлига 578 минг сўмни санаб бериб, азим шаҳардаги танишига етказишни сўраганди. Бироқ нимадир бўлди-ю, Раҳимжон ўша куни йўлга чиқа олмай қолди. Боши қотиб ўтирганида ёнига Жамшид яқинлашди. Ҳозир Тошкентга кетаётганлигини, агар мижозларининг “почта”си бўлса, олиб кетиши мумкинлигини айтди. Раҳимжон унга мижозининг пулларини тутқазиб, бир ташвишдан қутулгандек енгил тин олди. Аслида у ташвишнинг каттасига тутилган экан. Бу эртасига маълум бўлди. “Ҳожатбарор” ҳамкасбининг ўзи ҳам омонат билан бирга йўқолиб қолди...

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида бу “ҳожатбарор почтачи”нинг қилмишларига ойдинлик киритилди. Судда Жамшид Эрназаров ҳамюртлари берган омонат пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганлигини тан олди. Жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплади.

Суд ҳукми билан Жамшид Эрназаровга ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил-у 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.