Спиртли ичимлик чумолидек жонни ҳам шердай қилиб қўйишини биламиз. Баҳром Абзамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) озгина дилхираликни ана шу заҳри қотил билан енгмоқчи эди. Оқибатда, “шер” бўлди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Қишнинг чилласидан суғорилган буғдойнинг ҳосили мўл, мазаси ўзгача бўлади, дейишади. Чортоқ туманининг юқори қишлоқларидан бўлган Боғистондаги фермер хўжалигидаги буғдойзорда сув тараб, баданидан совуқ ўтган йигитлар “Дамас”га чиқиб исиниб, гурунглашиб ўтиришарди. Шу пайт одатдагидан анча юқори тезликда келган “ВАЗ-2106” уларга яқин жойда тўхтади. Ундан тушган ҳайдовчи бирданига бақир-чақир қила кетди. Йигитлар ҳайрон, бирин-кетин машинадан тушишди.

-  Баҳром-ку?.. – деди Жамшид Ҳомидов.

-  Ҳа, ўша, - деди шерикларидан бири.

Баҳром худди биров ёмон айб қилиб қўйган-у, шу тобда уни “бир ёқли” қилиши лозимдек жазава билан кела бошлади. Худди шу ўйга борган йигитлар ҳадик ва хавотирда бир-бирларига қараб елка қисганча қотиб туришарди.

-  Ичганми, нима бало?! – деди Дўстбек Мадрайимов беихтиёр.

-  Ким билсин?.. Кетдик, бир бало бошламасин.. – қўшимча қилди Икром Акромов.

Аммо улар ортга қайтиб бир қадам ташлашолмади. Баҳромнинг важоҳатли ҳайқириғи уларни тўхтатди:

-  Тўхтанглар!!!

У қуюндек келиб, йигитларга юзланди.

-  Сенлар йўқолларинг! – деди у Дўстбек ва Икромга ўқталиб. Кейин Жамшидга ўқрайди. – Менинг манавинда ишим бор!

Баҳром тўсатдан Жамшиднинг ёқасига ёпишди. “Ҳе йўқ-бе йўқ” юз бераётган бу ҳолатдан саросимага тушган йигит бироз ўзини йўқотди.

-  Аввало, тилингни тийиб ол! – деди у бўралаб сўкинаётган Баҳромга қараб. – Қолаверса, сен билан ади-бади айтишиб ўтиришга вақтим ҳам, тоқатим ҳам йўқ...

-  Қўрқасан-да, а? Шунақа, ҳисоб-китобга келганда думингни тугиб қоласан. Билиб қўй, сени ўлдирмай қўймайман! Биласан-а, сени ёмон кўраман!

На айби, на хатосини англаган Жамшиднинг бу гапдан дили оғриди. Қачонлардир у билан арзимас тортишув бўлиб ўтгани хаёлидан ўтди. Аммо...

Рақибининг оёқости қилиб ҳақоратлашларига чидолмаган йигитнинг мушт бўлиб тугилган қўллари бехос кўтарилди. Ажратмоқчи бўлган йигитларни туртиб четга сурган Баҳром Жамшидни машинага тортқилади.

-  Эркак бўлсанг, юр буёққа! Машинада гаплашамиз!

Икки ғазабнок гўё “келишиш” учун машинага ўтиришди. Аммо кимнинг дилида нима мақсад?!

Баҳром Жамшид ўтириб-ўтирмай машинани ўқдек учириб кетди. Яхшики, Жамшид чаққонлик билан эшикни ёпиб олди. Баҳром машинани катта тезлик билан ҳайдаб бораркан, кутилмаганда ўнг қўл тирсаги билан Жамшиднинг юз-кўзи аралаш бир туширди. Бехос тушган зарбадан суяги синган Жамшид ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Баҳром эса жазавадан тушай демас, аксинча, гўё ўзини ғолиб сезиб, ҳоҳолаб кулганча устма-уст мушт туширарди. Жон оғриғидан кўзини чангаллаб олган Жамшид имкон топиб қаршилик қиларди. Аммо куч Баҳром томонда эди. У юз-кўзи қонга беланган, оғриқдан ўзини йўқотиб қўйган, ожиз ҳолдаги Жамшидни машина эшигини очди-ю, итариб юборди. Катта тезликда кетаётган машинадан тўла тушиб кетмаган Жамшиднинг оёғи машина ичкарисида қолиб, унинг тана ва бош қисми ерда судралиб борарди.

Ушбу ҳолатни кўрган ҳар қандай инсонда беихтиёр раҳм-шафқат уйғониши, эс-ҳушини йиғиб, машинани тўхтатиши, қонга беланаётган жабрдийдага ёрдам кўрсатиши табиий эди. Аммо Б.Абзамов бундай қилмади. Қайтанга, машинанинг тезлигини оширди. Анча жойгача шу ҳолда судралиб борган Ж.Ҳомидов таниб бўлмас даражада аянчли аҳволга тушганди.

Орадан 15-20 дақиқа ўтиб Баҳром қандай тезликда кетган бўлса, шу тезликда қайтиб келди ва йўл четида ҳайрон бўлиб қараб турган Жамшиднинг шерикларидан бири бўлган Тоҳирбекни атайлаб уриб кетди. Қолган йигитлар югуриб бориб, Тоҳирга ёрдам кўрсатишди. Бу орада Баҳром машинадан тушиб телбаларча, “Битта қорачадан қутилдим”, дея Жамшидни ўлдиргани билан мақтанишга тушди. Йигитлар қўрқиб кетиб, Жамшиднинг қаерда эканини сўрашди. Бирор жавоб олишолмагач, шошганча ҳаммалари Жамшидни қидириб кетишди. 1,5-2 км.дан сўнг уни асфальт бўйида букчайган, қонга беланган ва таниб бўлмас ҳолатда топишди.

Бу галги суд мажлисида кўзи ёшланмаган киши қолмади. Кимдир марҳумга ачинар, кимдир оиласига, кимдир эса унинг етим қолган гўдакларига...

Суд Баҳром Абзамовга нисбатан 17 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.