World Food Building йилига 13 миллион галлон сувни иқтисод қилади, атмосферага ис гази (СО2) ажралиб чиқишини 1100 тоннага камайтиради. Ўсимликлар учун бироз тупроқ керак бўлади, миноранинг учдан икки қисмини офислар эгаллайди, деб ёзади Business Insider.

2050 йилга бориб Ер куррасининг аҳолиси сони 9,6 млрд. кишига етиши ва уларнинг 66 фоизи шаҳарларда яшаши мумкин. Ўз-ўзидан савол туғилади: бунча одамни нима билан боқиш мумкин? Швециянинг вертикал фермаларда маҳсулот етиштираётган Plantagon компанияси бу саволга жавоб бўла олади. Уларнинг ғоясига кўра, офис бинолари ва вертикал фермалар бирлаштирилади ва илк бундай лойиҳа тез орада Линчёпинг шаҳрида амалга оширилади.

Осмонўпар ферма World Food Building деб аталади ва у гидропоник бўлади, яъни сабзавотлар тупроқсиз, озиқ моддаларга бой сув эритмаларида етиштирилади. Қурилиш 2012 йилда бошланган, уни 2020 йилда топширишни мўлжаллашмоқда, қурилиш нархи 40 млн. долларга баҳоланмоқда.

The World Food Building йилига 550 тона сабзавот етиштириш имконини беради бу эса 5500 кишини тўйдириш учун етарли. Сабзавотлар етиштиришда табиий ёруғлик ва ёруғ диодли лампалардан фойдаланилади. Кўплаб ишлар роботларга юкланади, бу эса харажатларнинг жузъий камайишига хизмат қилади.

Агар вертикал ферма шунча юзага эга оддий дала билан солиштирилса, The World Food Building камроқ тупроқдан фойдаланиб, кўпроқ маҳсулот етиштириш имконини беради. Бундан ташқари осмонўпар ферма йилига 13 миллион галлон сувни иқтисод қилади ва ис гази (СО2) ажралиб чиқишини 1100 тоннага камайтиради.

Ферма бинонинг қуёшга қараган қисмида жойлаштирилади, соя томонида эса офислар жойлашади ва у бинонинг учдан икки қисмини эгаллайди. Офис залларидан сабзавот етиштирилаётган майдонларни томоша қилиш мумкин бўлади. Кўплаб қаватларда кафе ва ресторанлар ўрин олади ва уларда барра маҳсулотлардан таомлар таклиф этилади. Ҳозирданоқ компаниялар шундай қаватларни сотиб олишга киришишган.

Осмонўпар бинода спиралсимон конвейер ҳам қурилади. У юқори қаватлардаги сабзавотларни пастга олиб тушиб, ва аксинча, юқорига ҳаракат қилиб, етиштирилаётган маҳсулотлар тенг миқдорда қуёш нуридан баҳра олишини таъминлайди. Кўкатлар бир ойда етилади. Дарвоқе, истеъмолчилар барра ва янги узилган маҳсулотларни харид қилишлари учун бинода бозор ҳам очилади.

Айни пайтда Plantagon шундай осмонўпар фермаларни барпо этиш учун Швеция, АҚШ, Сингапур, Ҳонгконг ва Шангҳайдан буюртмаларга эга. «Биз келажакда анъанавий фермерлик хўжалигини юритиш учун ресурслар етишмайдиган шаҳарларни қандай боқиш мумкинлигини амалда кўрсатиб бермоқчимиз», — дейди компания раҳбари Ҳанс Ҳассле.

Plantagon ҳали биносини қуришда давом этар экан, Американинг Plenty стартапи Сиэтл остонасида иккинчи вертикал фермасини топшириш арафасида. 9290 кв.м юзага эга ангар Вашингтон штатидаги Кент шаҳарчасида жойлашган. Фермада йилига 2041 тонна сабзавот етиштирилади, яқинда бу ерда етиштирилган қулупнай, помидор, ҳаттоки тарвузлар ҳам савдога чиқарилади.