Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес жамоа бош мураббийи Зайнидин Зиданни истеъфога чиқариш ҳақида ўйламоқда.

Don Balon маълумотига кўра, Перес франциялик мутахассисга ишонади, аммо уни «Реал»нинг жорий мавсумдаги натижалари ташвишга солмоқда. Агар Зидан мавсум якунига қадар вазиятни ўнглай олмаса, клуб унинг ўрнига бошқа мутахассис олиб келади.

Мадридликлар клуби раҳбарияти айни вақтда кўп вақтдан буён Германия терма жамоасини бошқариб келаётган Йоахим Левни кўз остига олиб қўйган. Хабар қилинишича, Перес 57 ёшли ушбу мутахассис билан гаплашиб олган, у 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин «Реал»га келиши мумкин.

Маълумот учун, ўтган икки мавсумда юксак натижалар кўрсатган «Қироллик клуби» бу мавсумда инқироз кўчасига кириб қолди. Жамоа айни вақтда ички чемпионатда асосий рақиб «Барселона»дан 10 очко ортда қолган ҳолда учинчи ўринда бормоқда.

Зидан бош мураббийликка 2016 йил январида келганди, у ўтган вақт ичида клуб билан 7 соврин ютиб олди.