Болгариялик теннисчи Григор Димитров Профессионал теннисчилар уюшмаси (ATP)нинг якуний мусобақасида бельгиялик Давид Гоффенни мағлуб эта олди. Лондонда ўтган мусобақанинг мукофот жамғармаси 8 млн долларни ташкил қилган.

Дунёнинг 6-рақамли теннисчиси Димитров 8-рақамли теннисчиси Гоффенни 7:5, 4:6, 6:3 ҳисобида юта олди.

Теннисчилар ўзаро олтинчи марта учрашдилар ва бу баҳсда Димитровнинг 5 марта қўли баланд келган. Якуний мусобақа тарихида финалда илк бор “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақаларнинг финалларида бирор марта ўйнамаган теннисчилар учрашдилар.

26 ёшли болгариялик якуний мусобақада биринчи марта иштирок этди ва мусобақа давомида бирор марта мағлуб бўлмади. Ушбу ғалаба ҳисобига болгариялик мавсумни ATP рейтингида 3-ўринда якунлади. 1- ва 2-ўринларни испаниялик Рафаэль Надаль (1) ва швейцариялик Рожер Федерер эгаллашди.

Жорий мавсум Димитров учун анча омадли кечди: у фаолиятида биринчи марта АҚШнинг Цинциннати шаҳрида ўтган “Мастерс” сериясига кирувчи мусобақа ҳамда Австралиянинг Брисбенида ва Софияда ўтган мусобақаларда ғолиб бўлган. Бундан ташқари, спортчи Австралия Очиқ чемпионатининг ярим финалигача етиб борган.