Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Алишер Тиллаев бошчилигидаги делегация 16-18 ноябрь кунларида Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида бир қатор музокара ва учрашувларни ўтказди. Унда Чилонзор тумани ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳам иштирок этган. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди. 

Жумладан, Сеул вице-мэри Чанг-беом Ким билан бўлиб ўтган учрашув якунларига кўра, Сеул ва Тошкент шаҳарлари ҳокимликлари ўртасида туризм ва спорт, ҳамда кенг қамровли ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши бўйича келишувга эришилди. Ҳамкорлик доирасида «Сувсоз» ДУКнинг 10 нафар ходими 2018 йилда Сеул шаҳрига тажриба алмашиш ва малака оширишга юборилади.

Делегация LG CNS пудратчиси билан музокаралар ўтказди. Учрашув давомида Тошкент шаҳар жамоат транспортида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш (TOPIS) лойиҳаси муҳокама этилди.

Шунингдек, Сеулнинг Чунг-гу ва Содэмун округлари раҳбарлари билан икки шаҳарнинг туманлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама марказида бўлди. Чилонзор тумани ва Содэмун округлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик келишуви имзоланиши қайд этилди.

Ташриф давомида делегация Yeoju Institute of Technology раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Ушбу институт Йодже шаҳрида жойлашган бўлиб, 31 гектар майдонга эга ва мамлакатдаги энг катта технологик 10та олий таълим муассасаси сафига киради. Бугунги кунда таълим олаётган талабаларнинг сони 6000дан ошади. Учрашув давомида ушбу институтнинг Тошкент шаҳрида филиалини очиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу ўқув даргоҳида халқаро таълим стандартлари асосида электроника, архитектура, қурилиш, дизайн, ер кадастри, муҳандислик ҳамда маркетинг йўналишларида таълим берилади. Тошкент шаҳар ҳокимияти айни дамда бўшатилаётган коллежлардан бирининг биносини ушбу институт учун ажратишни кўзда тутган. Ўз навбатида, Корея томони яқин кунларда ОТМни ташкил этиш мақсадида ишчи гуруҳини Тошкент шаҳрига юборишга тайёр. Институтга биринчи қабул жараёни 2018 йилнинг 1 сентябрь кунига мўлжалланган. 

Навбатдаги учрашувни делегация Hyundai Department Store Group компанияси вакиллари билан ўтказди. Томонлар қурилиш соҳасидаги махсус техника воситаларининг бутловчи қисмлари ва қурилиш молларини етказиб берувчи, қиймати 20 млн. АҚШ долларига тенг марказ қурилиши бўйича келишувга эришдилар. Компаниянинг директорлар кенгаши 18 ноябр куни ушбу келишувга ўз розилигини билдирди.

Шунингдек, Khil Pyung Co.Ltd компанияси вакиллари билан Тошкент шаҳрининг замонавий ахборот-коммуникацион кадастр тизими лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди. 3 млн. дан 5 млн. долларгача баҳоланган лойиҳа бўйича ўзаро келишув имзоланади. Молиялаштириш KOICA грантлари асосида амалга оширилади.

Khil Pyung Co.Ltd компанияси раҳбари билан учрашувда 2 йил давомида 7 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш орқали Тошкент шаҳрида кўп функцияли турар-жой мажмуасини қурилиши юзасидан келишувга эришилди. 

Daesung Celtic Enersys. ва Jeil Architecture компаниялари раҳбарлари билан ҳам муваффақиятли музокаралар ўтказилди. Учрашув давомида Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда газ иситиш мосламалари ва электр энергияни тежаш тизимини жорий этувчи корхона очиш бўйича келишув тайёрланди. Лойиҳанинг қиймати 2 млн. доллар атрофида баҳоланмоқда.
 
Jeil Construction компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент вилоятининг 5 га ҳудудида энергиядан самарадор фойдаланувчи уйлардан иборат Эко-шаҳарча (Eco-village with energy efficiency houses) қуриш лойиҳасини амалга ошириш келишуви муҳокама қилинди. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 6 млн. доллар атрофида бўлиб, кореялик ҳамкорлар томонидан молиялаштирилади.