Туркия президенти маслаҳатчиси Ялчин Топчунинг айтишича, Анқара Норвегиядаги машғулотлар вақтида юз берган воқеадан кейин НАТОда аъзолигини қайта кўриб чиқиши керак. НАТОнинг Норвегиядаги машғулотларида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва бу мамлакат асосчиси Мустафо Камол Отатурк суратлари шартли рақиблар суратлари сифатида қўлланганди. 

“Биз учун НАТОдаги аъзолигимизни қайта кўриб чиқиш вақти келди. Бу тузилма барча кўринишлар орқали ўз иштирокчисига душманона муносабатни намойиш қилмоқда. Бизнинг альянсда бўлишимиз Туркиянинг Буюк миллий йиғинида кўриб чиқилиши керак”, деб айтган Топчу.

Топчунинг айтишича, юз берган воқеа жавобсиз қолмаслиги лозим. Унинг таъкидлашича, Туркия кутиш мумкин бўлмаган жойдан ҳужумлар, таҳқирлашга учрамоқда.

“Бу НАТО томондан Туркияга нисбатан виждонсиз хатти-ҳаракатдир. Бизнинг бу ташкилотда бўлишимиз масаласи буюк турк миллати учун шубҳага айланди. Бу 2019 йил (Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади) учун масаладир. Миллат сифатида биз ҳар қачонгидан президентимизга содиқмиз, бу номақбул ва муваффақиятсиз рейдлар, бу бешафқат ҳужумлар келажагимизга путур етказа олмайди”, деб айтган Топчу.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Норвегия мудофаа вазири Франк Бакке-Йенсен бўлиб ўтган воқеа учун Туркия президентидан узр сўрашган. Бакке-Йенсеннинг айтишича, ушбу воқеа бир одам деб юз берган ва бу одам ишидан четлатилган.