Volkswagen автомобилсозлик компанияси кузатув кенгаши яқин беш йил давомида янги технологияларга 40 млрд доллар сармоя қилиш қарорини қабул қилди. Компания шу тариқа электромобиллар соҳасида дунё етакчисига айланиш учун Tesla’дан ўтиб кетиш ҳақида жиддий ўйламоқда.

“Биз автомобилни бошқатдан ихтиро қилмоқдамиз”, деб айтган VW директори Маттиас Мюллер. 2018-2022 йиллардаги асосий харажатлар электр, гибрид моделлар ва робомобилларга тўғри келади. Таклиф қилинаётган пуллар компаниянинг сентябрдаги режаларидан икки марта кўпроқни ташкил қилади. Ўшанда компания 2030 йилгача 20 млрд доллар сармоя қилишини маълум қилган.  Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, VW қўшимча маблағларни тежамкорлик дастури ҳамда қўшимча автомобиллар сотиш орқали олмоқчи.

Компания бошқа ишлаб чиқарувчилар каби соф ва тоза транспорт воситаларига эътиборини кучайтирмоқда. Дизелда ҳаракатланувчи автомобилларда атроф-муҳитга чиқиндилар чиқиши тизимини сохталаштирган VW учун бу обрў масаласи ҳамдир. 

Таркибига 12 та бренд кирувчи VW гуруҳи ўз машиналар паркини, яъни 300 тага яқин моделини 2030 йилгача электрлаштиришни режалаштираётганини эълон қилганди. 17 ноябрда компаниянинг кузатув кенгаши 70 млрд долларлик умумий 5 йиллик харажатлар режасини имзолади. Бу 2014 йилда эълон қилинган, 2015-2019 йиллар учун мўлжалланган инвестициялардан бироз камроқни ташкил қилади. Ўшанда компания 86 млрд доллар сарфлашга ваъда берган. Бу асосан “дизельгейт” можароси билан боғлиқ бўлганди: можаро компанияга жарима, компенсациялар ва машиналарни чақиртириб олиш кўринишида 25 млрд долларга тушган.