«Трибуна» Англия премьер лигасининг 12-туридаги асосий воқеаларни сарҳисоб қилади.

Ушбу мавсумнинг 5-турида Топ-6 жамоаларнинг барчаси рақиблари устидан ғалаба қозонганди. Ўша тур бу борада ҳозирча ягона бўлиб турибди, зеро аксарият турларда пешқадам жамоаларнинг ўзаро ўйинлари ҳам бўлиб ўтади. 

12-турда Топ-6 нинг беш жамоаси ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Бу ғалабаларнинг учтаси йирик ҳисобда қўлга киритилганини ҳам таъкидлаш жоиз. Фақатгина «Тоттенҳэм» бу турда очко ололмади, унинг рақиби Топ-6 нинг бошқа бир рақиби «Арсенал» эди, шу туфайли бу турни ҳам пешқадамлар максимал очко олган турлар қаторига қўша оламиз. Демак, Премьер Лиганинг энг кучли олти клуби бошқалардан узоқлашишда давом этмоқда. 

«Арсенал» «Сити»даги ўйин аламини «Тоттенҳэм»дан олди

«Арсенал» – «Тоттенҳэм» – 2:0 (2:0)
Голлар: Мустафи, 36 (1:0). А.Санчес, 41 (2:0).
«Арсенал»: Чех, Косьельни, Мустафи, Монреаль, Беллерин, Рэмси, Чака, А.Санчес, Ўзил (Ивоби, 84), Колашинац, Ляказетт (Коклен, 73).
«Тоттенҳэм»: Ллорис, Д.Санчес, Дайер, Фертонген, Триппьер, Эриксен, Дембеле (Уинкс, 62), Сиссоко, Алли (Сон Хин Мин, 75), Дэйвис, Кейн (Льоренте, 75).
Огоҳлантиришлар: Чака, 32. А.Санчес, 38. Мустафи, 48. Кейн, 50. Монреаль, 73.
Ҳакам: Дин.

Арсен Венгер Шимолий Лондон дербисида ғалаба қозониб, бу дербидаги олти учрашувдан иборат ғалабасиз сериясига якун ясади. Аммо ўйиндаги асосий қаҳрамон француз мураббийи эмас, Мустафи эмас, Ўзил ёки Алексис Санчес эмасди. Ўйиннинг асосий қаҳрамони майдон ташқарисида, қанот чизиғи бўйлаб югураётган ҳакам эди.

Майк Динга ушбу ўйинда ёрдамчилик қилган Иэн Ҳассин, «Арсенал»нинг икки голидаги офсайдни қайд этмади. Аввалига Мустафи.

Бу вазиятда эса кейинроқ Санчесга пас берган Ляказеттнинг қўли олдинга чиқиб кетган.

Эътиборли жиҳати, ўйиндан олдин «Арсенал» мухлислари Майк Динни сотқинга чиқаришганди. У ўтган мавсумда «шпорлар»га қарши ўйинда «Арсенал» футболчисига қизил карточка кўрсатганди. Лекин бу ўйинда Дин Дэвисон Алексис Санчесни йиқитди деб ҳисоблаб, нуқтани кўрсатгач, майдон эгалари стандартдан ҳисобни очишди.

Иккинчи бўлимда Почеттино иккинчи планни ишга тушира олмади. У кутилганидек Ҳарри Кейн ва Деле Алли ўрнига Сон Хин Мин ва Льорентени майдонга ташлади, Венгер эса ҳимояга эътиборни кучайтириб, Ляказетт ўрнига Кокленни туширди. Буни айтиш даҳшатли, аммо «Арсенал» ниҳоят топ-6 вакилини енга олди. Лондонликларнинг охирги учрашувларида асосан дуранглар қайд этиларди. Аммо бу сафар Почеттино ожиз қолди. «Биз бу ўйинда аутсайдер эмасмиз. Бу ўйин орқали «Тоттенҳэм»дан кучли эканимизни  исботлаймиз» , – деганди ўйиндан аввал Венгер. У ўз сўзини исботлади.

Ҳамиша ҳакамларни танқид қилиб келган Венгер бундан аввалги турда, «Манчестер Сити»га қарши ўйиндан кейин ҳам рақиб ҳакамнинг икки хатоси туфайли урилган голлар билан ғалаба қозонганини иддао этганди. Бу ўйиндан кейин эса Мустафи тан олди: «Менинг офсайддан урилган голимни ҳисоблашгани бизга ёрдам берди».

Маурисио Почеттино ҳам ҳакамларни айблади: «Арсенал»нинг биринчи голи ўйиндан ташқари ҳолатда урилди. Менга иккинчи гол урилган вақтда ҳам офсайд бордек кўринди».

Почеттинонинг асосий муаммоси

«Тоттенҳэм» ушбу мавсумда асосий рақибларига қарши ўтказган 4 ўйиндан учтасини бой берди. Аввалига «Уэмбли»да «Челси»дан 1:2, кейин «Олд Траффорд»да 0:1, сўнгги турда эса, шимолий Лондон дербисида «Арсенал»нинг қўли баланд келди – 0:2.

Шундан сўнг, Почеттинонинг айнан топ клублар билан ўйинлардаги муаммоси ҳақида гапира бошлашди. Маълум бўлишича, аргентиналик мураббий қўл остида «Тоттенҳэм» сафардаги катта ўйинларда жуда муваффақиятсиз ўйнар экан. 

Златан ва Погбанинг қайтиши

«Манчестер Юнайтед» – «Ньюкасл» – 4:1 (2:1)
Голлар: Гэйл, 14 (0:1). Марсияль, 37 (1:1). Смоллинг, 45+1 (2:1). Погба, 54 (3:1). Лукаку, 70 (4:1).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Валенсия, Смоллинг, Линделеф, Янг, Мата (Эррера, 83), Погба (Феллаини, 70), Матич, Лукаку, Марсиял (Ибраҳимович, 77), Рэшфорд.
«Ньюкасл»: Эллиот, Кларк, Лежен, Манкильо, Йедлин, Ритчи (Аронс, 66), Шелви, Хэйден, Хоселу (Митрович, 72), Гэйл (Диаме, 78), Мерфи.
Огоҳлантиришлар: Ҳэйден, 12. Смоллинг, 68.
Ҳакам: Поусон.

У ахир ваъда берганди! «Ишончим комилки, энди мен янада кучлироқ бўлиб қайтдим. Бу менинг мақсадим. Бошқа вариант йўқ», деди ўйиндан кейин Ибраҳимович.

Швециялик футболчининг «МЮ» билан шартномаси ёздаёқ якунига етганди. Аммо клуб жароҳати туфайли узоқ вақтга сафдан чиққанига қарамасдан, у билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди.

Орадан етти ой ўтиб, шанба куни у «Ньюкасл»га қарши ўйинда захирадан майдонга туширилди.

Ўтган 216 кун давомида ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Ибраҳимовичнинг жароҳатдан тузалиб, формасини тиклаши жараёнини кузатиб боришди.

У шанба оқшомида кечган ўйинда гол урмади. Жамоасининг бирор голига ҳисса қўшмади. Умуман, у ўйинга тушганида, барчаси ҳал бўлиб улгурганди. Златан ҳеч қандай қаҳрамонлик кўрсатмади. Лекин у ўзининг акробатик ҳаракатларини намойиш этишга улгурди.

Ўйиндан кейин Златандан жароҳат олганида футболдан кетиш ҳақида ўйлагани ҳақида сўрашди. Швед ўз услубида жавоб қайтарди: «Шерларнинг тикланиш жараёни одамларникидан фарқ қилади». Бу ўйинда клубнинг яна бир етакчиси 2,5 ойлик танаффусдан кейин илк марта майдонга тушди. Погба қайтишини гол билан нишонлади, қолаверса у Марсиялни голли пас билан таъминлади.

Габриел Жесус - янги Рональдоми?

«Лестер» - «Манчестер Сити» - 0:2 (0:1)
Голлар: Габриэл Жезус, 45 (0:1). Де Брюйне, 49 (0:2).
«Лестер»: Шмайхель, Фукс, Симпсон, Морган, Магуайр, Иборра (Окадзаки, 83), Олбрайтон (Ихеаначо, 68), Ндиди, Варди, Махрез (Слимани, 83), Грэй.
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Компани, Уокер, Стоунс (Мангала, 31), Сильва, Фернандинью, Делф, Де Брейне (Гюндоган, 89), Стерлинг (Бернарду Силва, 84), Сане, Габриэл Жезус.
Огоҳлантиришлар: Компани, 3. Магуайр, 83.
Ҳакам: Скотт (Англия).

«Манчестер Сити» «Лестер»га қарши қаторасига ўнинчи учрашувда ҳам ғалаба қилди. «Тулкилар» бу ўйинда атиги икки гол ўтказишди. Клубнинг азалий мухлиси Гари Линекер бу фактни шундай эътироф этди: «Лестер» учун бу ютуқ».

Ўйиндаги голлар Де Брейне ва Габриэл Жезус томонидан урилди. Бельгиялик футболчи ўзига хос рекорд ҳам ўрнатди: У премьер-лигада гол+пас тизими бўйича энг қисқа вақтда, 76 ўйинда 50 (16+34) очко олган биринчи футболчи бўлди. Бразилиялик ёш ҳужумчини эса Пеп Гвардиоланинг ўзи мақтади. «У менга Это’Они эслатмоқда. Агар у ўрганишда давом этса, Рональдога айланади».

Салоҳ – «Ливерпуль» қаҳрамони

«Ливерпуль» - «Саутҳемптон» - 3:0 (2:0)
Голлар: Салоҳ, 31 (1:0). Салоҳ, 41 (2:0). Филиппе Коутинью, 68 (3:0). 
«Ливерпуль»: Миньоле, Клаван, Ловрен, Морено, Александр-Арнольд, Вайналдум, Ҳендерсон, Филиппе Коутинью (Эмре Жан, 69), Роберту Фирминьо, Салоҳ (Милнер, 80), Мане (Окслейд-Чемберлен, 74).
«Саутҳемптон»: Форстер, Бертранд, Седрик Суариш, ван Дейк, Худт, Дэйвис, Ромеу, Буфаль (Уорд-Проуз, 69), Лонг (Габбьядини, 79), Тадич (Остин, 55), Редмонд.
Огоҳлантиришлар: Ловрен, 43. Ромеу, 61. 
Ҳакам: Жонс.

Англияда «Саутҳемптон»ни «Ливерпуль»нинг фарм клуби деб аташади. Кейинги йилларда Англия жанубидан Ливерпулга Лаллана, Ламберт, Клайн, Ловрен ва Мане каби футболчилар кўчиб боришган, қишда ван Дейк ҳам шимолга кўчиши кутилмоқда. Аммо «қизиллар» қаторасига 5 учрашувдан буён ўз «фарм-клуби»ни енга олмай келаётганди. Олтинчи уриниш эса аъло даражада чиқди: Салоҳ дубль қайд этди, учинчи гол Коутиньо номига ёзилди. «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси Йон-Арне Риисе шундай муносабат билдирди: «Мистер Салоҳ, сиз нимадан тайёрлангансиз?».

«Ливерпуль»нинг бу янги футболчиси жорий мавсумда 14 гол уриб қўйди. Бу эса  «Ливерпуль»нинг ўтган мавсум бўйича энг яхши тўпурари Коутиньонинг натижасига тенг.

Соқоли ўсиб кетган Конте Тони Пулисни ишдан кетказди

«Вест Бромвич» – «Челси» – 0:4 (0:3)
Голлар: Мората, 17 (0:1). Азар, 23 (0:2). Алонсо, 38 (0:3). Азар, 62 (0:4).
«Вест Бромвич»: Фостер, Эванс, Гиббс, Маколи, Хегази, Бэрри, Крыховяк (Якоб, 46), Ливермор, Родригес (Берк, 70), Рондон, Филлипс (Макклин, 84).
«Челси»: Куртуа, Кэйхилл, Аспиликуэта, Алонсо, Кристенсен, Дзаппакоста, Фабрегас (Дринкуотер, 67), Бакайоко, Канте (Виллиан, 77), Азар (Педро, 70), Мората.
Огоҳлантиришлар: Азар, 19. Фабрегас, 51. Рондон, 54. Якоб, 88. Мората, 90.
Ҳакам: Мосс.

Антонио Конте қасд қилмоқда. «Челси» бу турда йирик ғалабага эришди ва учинчи ўринга кўтарилди. Италиялик мураббий «Вест Бромвич»га қарши ўйиндан олдин журналистларга қарата, «Челси» ғалаба қозонишда давом этар экан, соқолини олдирмаслигини маълум қилиб ҳазиллашганди.

Азарнинг дубли «Челси»га йирик ғалабани таъминлади, Конте энди жамоа билан кейинги турда «Ливерпуль» меҳмони бўлади. Йирик мағлубиятдан кейин «Вест Бромвич» кўп йиллик мураббий Тони Пулисни истеъфога чиқариб юборди.

«Борнмут» - «Ҳаддерсфилд» - 4:0 (2:0)
Голлар: Уилсон, 26 (1:0). Уилсон, 31 (2:0). Артер, 70 (3:0). Уилсон, 84 (4:0).

«Кристал Пэлас» - «Эвертон» - 2:2 (2:2)
Голлар: Макартур, 1 (1:0). Бэйнс, 6 - пенальтидан (1:1). Заа, 35 (2:1). Ньясс, 45+1 (2:2).

«Бёрнли» - «Суонси» - 2:0 (2:0)
Голлар: Корк, 29 (1:0). Барнс, 40 (2:0).

«Уотфорд» - «Вест Ҳэм» - 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 11 Ҳьюз, 2:0 – 64 Ришарлисон.

«Брайтон» - «Сток Сити» ўйини энди бўлиб ўтади.